Жаҳон | 21:58 / 08.11.2020
6043
2 дақиқада ўқилади

Боливиянинг янги президенти ўз лавозимини бажаришга киришди

8 ноябрда Боливиянинг сайланган президенти Луис Арсенинг инаугурация маросими бўлиб ўтди. Арсе Боливиянинг янги президенти сифатида қасамёд келтирди.   

Фото: AP Photo / Juan Karita

Мамлакат парламенти биносида ўтган тантанали маросимда Аргентина президенти Альберто Фернандес, Колумбия президенти Иван Дуке, Парагвай президенти Марио Абдо Бенитес, Испания қироли Филипп VI ҳамда бир қатор бошқа давлатлар, жумладан Эрон, Венесуэла ва Чили ташқи ишлар вазирлари иштирок этган
 
Бир йилча давомида Боливия президенти вазифасини бажарган Жанин Аньес маросимда иштирок этмаган.

18 октябрда Боливияда умумий сайловлар бўлиб ўтганди. Уларда 2006-2017 йилларда Боливиянинг собиқ президенти Эво Моралес ҳукуматида иқтисодиёт вазири лавозимини эгаллаган Арсе 55 фоиздан кўпроқ овоз билан ғалаба қозонган. Шунингдек, унинг номзодини илгари сурган “Социализм томон ҳаракат” партияси парламентнинг икки палатасида кўпчилик ўрин эгаллаган.    

Охирги сайловлар 2019 йил октябрда ўтган сайловлар натижалари бекор қилингандан кейин ўтказилган. Ўшанда республиканинг олий сайлов суди президент Моралесни сайловлар ғолиби деб топганди. Бироқ унинг асосий рақиби Карлос Меса сайловлар натижаларини тан олмаган ва шундан кейин мамлакатда норозилик намойишлари бошланган. Моралес норозиликларнинг 3-ҳафтасидан кейин истеъфога чиққан ва Боливияни тарк этган. 

Мавзуга оид