Иқтисодиёт | 09:50 / 18.11.2020
21580
1 дақиқада ўқилади

Ҳисоб палатаси бюджет ташкилотлари ходимларининг моддий рағбатлантириш тўловлари қисқартирилишига қарши чиқди

Ҳисоб палатасининг Ўзбекистон Республикасининг “2021 йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси ва 2021 йил учун Бюджетнома бўйича хулосаси эълон қилинди.

Фото: KUN.UZ

Хулосада айтилишича Молия вазирлиги киритган лойиҳада Ўзбекистон Республикасининг 2021-2023 йилларга мўлжалланган фискал стратегиясининг иш ҳақи ва бошқа тўловлар бўйича бюджет сиёсатида:

- таълим муассасаларидан ташқари бюджет ташкилотларида моддий рағбатлантириш жамғармасидан тўловларни 5 фоизга;

- таълим муассасаларида ишловчи ходимларга директор жамғармасидан тўланувчи тўловларни 4 фоизга қисқартириш таклиф қилинган.

Хулосада 2020 йилда бюджет муассасаларида ишловчи ходимларнинг иш ҳақини индексацияси инфляция даражасидан (кутилаётган инфляция миқдори 11,5 фоиз) паст миқдорда бўлганлиги ҳамда уларнинг реал даромадлари камида 10 фоизга камайганлиги инобатга олиб, юқоридаги қисқартиришларни амалга оширмаслик лозимлиги айтилади. 

Ҳисоб палатаси, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг штат бирликларини 10 фоизга қисқартириш натижасида мақбуллаштириладиган 550 млрд сўм ва давлат мақсадли жамғармаларига эҳтиёжга нисбатан ортиқча берилаётган 1 311,4 млрд сўм бюджет трансфертларини бюджет ташкилотлари ходимларини моддий рағбатлантириш жамғармасига йўналтиришни мақсадга мувофиқ деб топган.

Мавзуга оид