Жаҳон | 22:31 / 23.11.2020
4802
2 дақиқада ўқилади

Шанҳай аэропортида юк ташувчиларда коронавирус аниқлангандан кейин барча рейслар бекор қилинди

Шанҳайнинг Пудун аэропортида ҳимоя ниқобисиз ишлаган икки юк ташувчида коронавирус аниқлангандан кейин 280га яқин рейс бекор қилинди. Аэропорт у ердаги барча одамларни коронавирусга текшириш учун ёпиб қўйилгани сабабли саросима бошланган. 

Фото: AP

Аэропортда 23 ноябрга ўтар кечаси 277та рейс бекор қилинган, деб хабар қилмоқда “Интерфакс” ахборот агентлиги Global Times нашрига таяниб. Коронавирус аниқланган юк ташувчилар Шимолий Америкадан келган юк билан ҳимоя ниқобисиз ишлаган.  

Уларнинг коронавирусга топширган тести мусбат чиққандан кейин аэропорт раҳбарияти уни ёпишга ва у ердаги барча одамларни ташқарига чиқармай, коронавирусга текширишга қарор қилган.

Ижтимоий тармоқларда шундан кейин одамлар орасида бошланган саросима, тиқилинч суратлари ва видеолари тарқалган.

Аэропортда коронавирусга текшириш туни билан олиб борилган. Натижада 17,7 минг киши текширилган. 

Аэропорт раҳбариятида таъкидланишича, фаолияти юқори хавф билан боғланган барча ходимлар коронавирусга қарши эмланади.

“Эмлаш ихтиёрий равишда амалга оширилади”, деб маълум қилган Шанҳай аэропортлари корпорацияси бошқарувчиси ўринбосари Чжоу Цзюнлун.

Мавзуга оид