Ўзбекистон | 22:36 / 24.11.2020
8042
2 дақиқада ўқилади

ҲЭТ вакили ҳудудларда нега эски трансформаторлардан яна фойдаланилаётганига изоҳ берди

Бугун, 24 ноябр куни «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятида электр энергиясини ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизими (АСКУЭ)ни жорий этиш ишлари бўйича матбуот анжумани ҳамда пресс-тур бўлиб ўтди.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, тадбирда «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ электр тармоқларидан фойдаланиш бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Улуғбек Ҳакимов ижтимоий тармоқларда тарқалган эски трансформаторлардан бошқа ҳудудларда қайта фойдаланилаётгани ҳақидаги хабарларга изоҳ берди.

“1991 йилдан 2016 йилга қадар бутун Ўзбекистон бўйича бор-йўғи 5 мингга яқин трансформатор алмашган. Сўнгги уч йилда эса, 17 мингга яқин трансформаторни янгилашга эришдик. Бу умумий кўрсаткичнинг 15-20 фоизини ташкил қилади.

Трансформатор подстанцияси шундай ускунаки, янгисини ўрнатиб эскини ечиб олганимиздан сўнг таъмирлаш орқали техник талаб даражасига келтириб, ичидаги чўғ лампаларни алмаштириб, маълум синовлардан ўтказгандан кейин уни яна ишлатиш имкони мавжуд. Унга яна 2-3 «умр бахш этса» бўлади”, - деди Улуғбек Ҳакимов.

Улуғбек Ҳакимов

Унинг сўзларига кўра, 50-60 йил ишлаган эски трансформатор маълум бир технологик жараён ва синовлардан ўтганидан кейин унга баҳо бериш ишлари амалга оширилади.

“Баъзи қисмлари, мойлари алмаштирилиб таъмирланади ва синовлардан ўтса, ўша эски трансформаторни яна ишлатиш имконияти мавжуд. Айнан ўзининг эски жойига эмас, балки камроқ қувват талаб қиладиган жойга ўрнатишимиз ҳам мумкин. Ишлатилган трансформаторларнинг ҳаммасини ҳам ташлаб юбормаймиз.

Лекин агар эски трансформатор [таъмирдан сўнг] техник параметрларга жавоб бермаса, албатта уни ишлатишга ҳаққимиз йўқ”, - деди «Ҳудудий электр тармоқлари» жамияти мутахассиси.

Мавзуга оид