Ўзбекистон | 08:40 / 02.12.2020
8245
2 дақиқада ўқилади

Давлат хизматчиларининг ҳуқуқий саводхонлигини текшириш режалаштирилмоқда

Адлия вазирлиги томонидан ҚҲТБТ порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат хизматчиларининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Фото: Pinterest

Ҳужжат президентнинг давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирларини ижро этиш доирасида ишлаб чиқилган (2020 йил 19 майдаги ПФ–5997-сон фармон).
 
Norma’нинг ёзишича, лойиҳа билан давлат бошқаруви ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари давлат хизматчиларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш бўйича ўқитиш ишларини ташкил этиши таклиф этилмоқда.
 
Ҳужжатда Давлат хизматчиларининг ҳуқуқий саводхонлиги даражасини баҳолаш тартиби тўғрисидаги низом келтирилган. У ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг олий юридик маълумотли ходимлари, давлат ташкилотларининг юридик хизматлари ходимлари, ҳарбий хизматчиларга нисбатан татбиқ этилади.
 
Давлат хизматчилари ҳуқуқий саводхонлик даражаси бўйича ҳар 3 йилда бир марта режали баҳолашдан ўтиши режалаштирилмоқда.
 
Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги давлат хизматчилари ҳуқуқий саводхонлигини баҳолашнинг автоматлаштирилган тизимидан фойдаланиш, онлайн тест синови саволлари базасини юритиш ва уни бошқаришнинг ташкилий тадбирларини амалга ошириш бўйича ваколатли оператор ҳисобланади.
 
Тест саволлари давлат тили ва зарурат бўлган ҳолларда қорақалпоқ тилида тузилади.
 
Адлия вазирлигига баҳолаш натижалари бўйича кўрсаткичлар ҳудудлар ҳамда давлат ташкилотлари кесимида таҳлил қилиш, энг юқори кўрсаткичга эга бўлган давлат ташкилотлари ва ҳудудларнинг ижобий тажрибаларини ўрганиш, энг паст кўрсаткич қайд этган давлат ташкилотлари ва ҳудудларнинг муаммолари ҳамда сабабларини таҳлил қилишни юклаш режалаштирилмоқда.
 
Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимчалар киритилиши ёки рад этилиши мумкин. 

Мавзуга оид