Жаҳон | 17:53 / 03.12.2020
6383
2 дақиқада ўқилади

АҚШнинг бош инфекционисти Лондон Pfizer вакцинаси борасида шошилганини айтди

 АҚШ маҳсулот ва дори воситалари назорати бошқармаси 10 декабр куни Pfizer-BioNTech вакцинаси бўйича муҳокама ўтказади ва шундан сўнг ундан оммавий фойдаланишга рухсат бериши мумкин.

Фото: Getty Images

АҚШнинг бош инфекционисти Энтони Фаучи Fox News телеканали орқали қилган чиқишида Буюк Британиянинг Pfizer ва  BioNTech вакцинасидан фойдаланишга рухсат берганини танқид қилди.  

 Унинг сўзларига кўра, британияликлар ушбу қарор борасида бошқалардан икки кунга илгарилаб кетди, аммо бу кунлар муҳим рол ўйнамайди. У барча мамлакатлар тез орада коронавирусга қарши вакцинадан оммавий фойдаланишни бошлайди деб ҳисобламоқда.

“Агар шошсангиз ва буни юзаки амалга оширсангиз, одамлар эмланишни истамайди”, — деди Фаучи ҳамда АҚШ маҳсулот ва дори воситалари назорати бошқармаси (FDA) бу масалада олтин стандартга риоя қилишини айтди.

“Биз америкаликларга унинг хавфсиз ва самарали вакцина эканлигини кафолатлаш учун бу маълумотларни синчиклаб текширамиз”, — деди у.

Қайд этилишича, FDA 10 декабр куни Pfizer-BioNTech вакцинаси бўйича муҳокама ўтказади ва шундан сўнг ундан оммавий фойдаланишга рухсат бериши мумкин.

Британия ҳукумати 2 декабрда мамлакатда ушбу вакцинадан фойдаланиш маъқулланганини эълон қилди. Буюк Британия коронавирусга қарши оммавий эмлашга рухсат берган биринчи мамлакат бўлди. Тез кунларда Британияга дастлабки 400 минг кишини эмлаш учун 800 минг доза вакцина келтирилади.

Мавзуга оид