Жаҳон | 01:26 / 08.12.2020
8127
2 дақиқада ўқилади

Пандемия билан “тажрибалар” якунланди: Швеция қатъий карантин киритишга қарор қилди

Фото: EPA

Швеция коронавирус тарқалишига қарши қатъий карантин киритишга қарор қилди. Мамлакат эпидемияга қарши ихтиёрий чоралар ёрдамида курашиш стратегиясидан воз кечиб, қатъий чекловлар киритмоқда.

Швеция қатъий чекловларни самара бермаган карантин тавсияларидан кейин киритишга қарор қилди. Швеция ҳукумати коронавирусга чалинганлар ва ундан вафот этганлар сони кескин кўпайгани сабабли ушбу қарорга келган.

Эндиликда скандинав мамлакатида оммавий йиғилишлар – 8 кишидан кўпроқ бўлиб тўпланиш тақиқланади. Бу эса ўз ортидан кинотеатрлар ва кўнгилочар масканлар ёпилишига олиб келди. Шунингдек, спиртли ичимликларни соат 22дан кейин сотиш ҳам тақиқланди. 

Бундан ташқари, охир-оқибат мактабларни ёпишга қарор қилинди.

Охирги маълумотларга кўра, Швецияда коронавирусга чалинганлар сони 278 мингдан, ундан вафот этганлар сони эса 7 мингдан ошиб кетди. Ваҳоланки, у билан қўшни давлатлар – Дания, Норвегия ва Финляндияда кўрсаткичлар бир неча карра пастроқ. 

Ёз бошида Швециянинг бош эпидемиологи, мамлакатнинг пандемияга қарши кураш модели ортида турган Андерс Тегнелл мамлакатда “қатъийроқ карантин киритиш кераклигини” тан олганди. Кейинроқ у фикрини ўзгартириб, Швециянинг коронавирусга қарши кураш стратегияси тўғри бўлганини айтган.

3 ноябрда Швецияда рекорд даражада кунлик касалланиш ҳолатлари қайд этилаётгани сабабли янги чекловлар киритилиши маълум қилинганди. Бироқ мамлакатда қатъий локдаун киритиш ҳақида гап бормаган.

Мавзуга оид