Жаҳон | 16:00 / 13.12.2020
5347
6 дақиқада ўқилади

Британча непотизм ёхуд демократик давлатдаги нодемократик қарорлар

Ҳарвард университети магистранти Софи Ҳил кичик тадқиқот ўтказиб, Британия ҳукумати пандемия даврида давлат шартномалари қай тариқа тақсимлангани ҳақида муайян хулосалар берди.

Маълум қилинишича, фавқулодда ҳолат баҳонасида пандемиянинг илк 6 ойида ҳукумат коронавирус билан боғлиқ 24 миллиард АҚШ долларлик шартномаларни деярли тендерсиз бериб юборган.

«2 миллиарддан ортиқ шартномалар эса консерваторлар партияси билан алоқаси бор компанияларга тақдим қилинган. Буни лаёқатсизлик дейсизми ё бошқа ном билан атайсизми, ўзингизга ҳавола, бироқ солиқ тўловчиларнинг пулини ишлатишга келганда шаффофлик етишмай қолаётгани аниқ», дейилади The Guardian нашри мақоласида.

Бу шартномалар тўғрисида қанча кўп маълумот йиғилса, йиғилган фактларни бирлаштириш шунчалар қийин кечди. Буюк Британия соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари лорд Бител Лордлар палатасидаги чиқишида ҳукумат индивидуал ҳимоя воситаларига бўлган шошилинч талаб «норасмий келишувлар»га асосланиб қондирилишига ишонч билдиргани ҳақида айтди. Ана шундай норасмий келишувлардан бири лорд Бител ва консерваторлар партиясининг донорларидан бири Меллер Дизайнс ўртасида бўлиб ўтган. Дизайнснинг ширкати яқинда консерваторларга 84000 АҚШ доллари берганди. Marks & Spencer каби ритейлерларга уй ва мода товарларини етказиб бериш билан шуғулланувчи бу компания кейинроқ қарийб 217 миллион долларлик индивидуал ҳимоя воситаларига шартномани қўлга киритганди.

«Бу коронавирус баҳонасида дўстларни «ўйлаб» қўлга киритилган ягона шартнома эмас. Ортга бир қадам ташлаб, картинага ўзгачароқ кўз билан қаралмаса, бу шартномаларнинг аҳамиятини англаб олиш қийин. Математикани ўқиган сиёсатчи сифатида менда пайдо бўлган илк инстинкт маълумотларни бир-бирига боғлаб чиқиш бўлди.

Охир-оқибат энг чалкаш тўрларни ҳам тугунларни ажратиб олиш ва улар ўртасидаги боғлиқликни топиш орқали ечиш мумкин. Тугунларнинг бир нечтасини ечишнинг ўзи маълумотлар тенгламасини ечишга кифоя қилди. Худди детектив сериалидаги далиллар тахтасининг ҳай-тек версияси каби. Натижа эса, эҳ-ҳе дейдиган даражада интерактив жадвал бўлиб қолди.

Шу ракурсдан қарасак, алоқалар тўрини кўришимиз мумкин. Айтайлик, Лордлар палатасига оксфордлик эски қадрдони томонидан «кўтарилган» консерваторлар партиясининг бадавлат донори ва собиқ раиси лорд Фельдман. У март ойидан Соғлиқни сақлаш вазирлигида маслаҳатчи сифатида иш бошлади. Маошсиз. У йиғилишларда Oxford Nanopore компанияси билан иштирок этди ва компания коронавирусга тестлар етказиб бериш бўйича шартномаларга эга чиқди. Орадан бироз муддат ўтиб, унинг Tulchan Communications пиар фирмаси Oxford Nanopore билан ҳамкорлик қила бошлагач, Фельдман ҳукуматдаги лавозимини тарк этди.

Бошқа йўналишга бурилсак, лорд Бител билан бирга Соғлиқни сақлаш вазирлигида маслаҳатчи бўлиб ишлаган Жорж Паско-Ватсонга йўлиқамиз. Паско-Ватсон Portland Communications ширкатининг директоридир. Portland Communications’нинг мижозлари орасида пандемия даврида ҳукуматнинг йирик давлат шартномаларини ютиб олган Boston Consulting Group компанияси бор.

Бу каби алоқалардан коррупция ҳиди келяптими ё бошқа юмшоқроқ характерга эгами? Дўстлар ва ҳамкасбларнинг бир-бирига яқин бўлишидан манфаатдор бўлишлари – шаффофлик етарли бўлмаган жойда урчийдиган кроньизмнинг (таниш-билишчилик) ўзгинасидир.

Вазирларнинг асосий мақсади шу партияга алоқадор компанияларга шартнома олиб бериш ёхуд дўстларини юқори лавозимларга тайинлаш бўлмагандир. Коронавирус феноменидаги қоидалар ҳукуматдагиларга тендер ўтказиш амалиётларини четлаб ўтиш имконини берди. Шартномалар айнан шу каби компаниялар томонидан қўлга киритилиши кроньизм туфайлими ёки ҳукумат расмийлари ушбу ширкатлар ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлгани боисми?

Миллий Аудит Идорасининг ҳисоботларига қарасангиз йўқ деган жавоб оласиз. Ҳисобот таъминотчилар учун баланд мартабали сиёсатчилар ва расмийлар томонидан тақдим этилган «юқори приоритетли йўл» мавжудлигини тасдиқлайди. Шунингдек, сиёсий доираларга яқин компанияларнинг тендерларни ютиб олиш эҳтимоли 10 баробар кўпроқ.

Ҳукумат бу каби икки стандартли тизимни сиёсатчилар тавсия қилган компаниялар «элакдан ўтказилган», бинобарин ишончлидир, дея оқлаган. Ҳукумат фавқулодда ҳолатда давлат харидларини ошираётиб, коррупцияга қарши энг оддий тамойилларга ҳам амал қилинмаслиги табиий ҳол. Ваҳоланки, катта сиёсатга алоқадор компаниялар кўпроқ текширилиши керак, аксинча эмас.

Ҳукуматнинг, айниқса, йирик давлат харидларини соҳага алоқадор бўлмаган ширкатларга беришини ҳазм қилиш қийин. Индивидуал ҳимоя воситалари етказиб бериш бўйича шартномаларни қўлга киритган фирмалар орасида ўғит ишлаб чиқарувчи компаниялардан тортиб кондитер маҳсулотларининг улгуржи сотувчисигача бор.

Ҳукумат эса шаффофликнинг энг оддий қоидаларини ҳам бузишда давом этмоқда: шартномалар деталлари ўз вақтида ошкор қилинмаяпти. Миллий Аудит Идораси ўз тадқиқотида июлда имзоланган шартномаларнинг бор-йўғи тўрттасинигина эълон қилган.

Сунъий нафас олдириш аппаратлари ва ниқобларни шошилинчда харид қилган вазирлар яна бир камёб нарсани назардан қочирган кўринади: ишонч. Индивидуал ҳимоя воситаларидан фарқли ўлароқ, ишончни сотиб олиб бўлмайди. У шаффофлик ва ҳисобдорлик орқали ушлаб турилади. YouGov порталидаги маълумотларга асослансак, коронавирус фонида ҳукумат рейтинги мартдаги 72 фоиздан октябрда 32 фоизга тушиб кетди.

Қизиғи шундаки, ҳукумат ўз стратегиясини халққа етказиш учун пиар компанияларига салмоқли суммаларни тўлаш орқали арзон ва аҳмоқона йўлни танлади. Буни кўриб ҳукумат инқироздан дўстларини қимматбаҳо шартномалар билан мукофотлаш учун имконият сифатида фойдаланяпти деб ўйланса ҳам хато бўлмас.

Илк расо қадам шартомалар ўз вақтида эълон қилиниши ва харидлар жараёнини тўғри ташкиллаштириш бўларди. Ҳукумат муваффақиятли вакцинация эътиборни чалғитишига умид қилмоқда. Лекин ғазначилик идораси раҳбари Риши Сунакнинг солиқлар оширилиши эҳтимоли борлиги ҳақидаги баёнотидан кейин, одамларда пандемия ортидан кимлар фойда кўрганига қизиқиш ортса ажабмас», дейди мақола муаллифи Софи Ҳил.

Мавзуга оид