Жаҳон | 21:22 / 16.12.2020
4033
2 дақиқада ўқилади

Камбағал мамлакатлар 2024 йилгача вакцинага эга бўлмаслиги мумкин – ЖССТ

Режага мувофиқ, 2021 йил охиригача 2 млрд доза вакцина ишлаб чиқарилиши ва дунё бўйича тенг тақсимланиши лозим.

Фото: BioNTech

Агарда коронавирусга қарши вакцина билан таъминлаш бўйича COVAX халқаро механизми муваффақиятсизликка учрайдиган бўлса, кам даромадли мамлакатлар камида 2024 йилгача вакцинасиз қолиши мумкин. Бу ҳақда Reuters хабар бермоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан ҳамкорликда COVAX дастурини амалга ошираётган Вакцина ва иммунизация бўйича глобал алянснинг (GAVI) қайд этишича, механизм маблағ етишмовчилиги, вакцина етказиб беришнинг издан чиқиши хавфи ва COVAX қатнашчилари учун мураккаб шартномавий шароитларга дуч келган.

"COVAX механизми барбод бўлиши хавфи жуда юқори", - дейилади GAVI ҳисоботида.

Ҳужжатда қайд этилишича, бу дастурни амалга ошириш муддатининг қисқалиги ва керакли тажрибанинг йўқлиги билан боғлиқ.

 COVAX ишлаб чиқариш қувватларини яратиш ва марказлашган харидларни қўллаб-қувватлаш бўйича механизм ҳисобланади. Ҳозирда унга 180дан ортиқ мамлакат қўшилган.

Дастурга кўра, юқори даромадли мамлакатлар вакцина сотиб олиш учун пул тўлайди ва шу орқали  молиялаштириладиган давлатларни субсидиялайди. Режага мувофиқ, ушбу механизм доирасида 2021 йил охиригача 2 млрд доза вакцина ишлаб чиқарилиши ва дунё бўйича тенг тақсимланиши лозим.

Мавзуга оид