Ўзбекистон | 08:34 / 16.12.2020
6472
3 дақиқада ўқилади

Юридик таълим муассасалари талабалари томонидан амалиётни ўташ тартибига тузатишлар киритилди

Юридик таълим муассасалари (ҳарбий, махсус олий таълим муассасаларидан ташқари) талабалари томонидан таништирув ва малакавий амалиётни, шунингдек стажировкани ўташ тартиби тўғрисидаги низомга бир қатор тузатишлар киритилди.

Norma’нинг ёзишича, амалиётни ташкил қилишнинг умумий шартлари қуйидагилардан иборат:

амалиётнинг барча босқичларда ташкил этилиши талабалар томонидан касбий кўникмаларни эгаллашда узлуксизлик ва изчилликни таъминлашга йўналтирилиши лозим;

амалиёт ўташ муддати ва ҳажми ишчи ўқув режа, модул (фанлар) ўқув дастурлари, амалиёт ўташ дастури билан белгиланади ва амалиёт ўтаганлик учун тегишли кредитлар ажратилади;

ўқитувчиларнинг амалиётдаги ўқув юкламаси ишчи-ўқув режада кўрсатилган ўқув педагогик соатлар (ҳафталар)дан ва амалиётни ўташ туридан келиб чиқиб аниқланади;

қабул қилувчи ташкилот амалиётга юборилган талабаларга амалиёт раҳбарини бириктиради.
 
Юрист талабаларнинг амалиёти уч турга бўлинади:

а) таништирув амалиёти – бакалавриатнинг I-III курс талабалари учун ихтиёрий амалиёт тури. Таништирув амалиёти талабаларнинг дарсдан бўш вақтларида қабул қилувчи ташкилот билан келишилган ҳолда ўталади. Таништирув амалиёти юзасидан амалиёт ўташ давомийлиги кўрсатилган маълумотнома тақдим қилинади, маълумотнома асосида кредитлар ўзлаштирилганлиги ҳисобга олинади;

б) битирув малакавий амалиёт – таълимнинг якунловчи босқичи ҳисобланадиган ва бакалавриатнинг IV курс талабалари учун мажбурий амалиёт тури. Амалиёт уч босқичдан: тайёрлов, асосий, шунингдек ҳисоботларни топшириш ва баҳолашдан иборат. Битирув малакавий амалиёт якунлари юзасидан баҳо ўқиш бўйича баҳоларга тенглаштирилади ва талабалар умумий ўзлаштиришининг якунларини чиқаришда ҳамда тегишли кредитлари ўзлаштирилганлигини белгилашда инобатга олинади. Амалиёт якунлари бўйича қониқарсиз баҳо олиниши талаба томонидан тегишли кредитлар қайта ўзлаштирилиши учун асос бўлиб хизмат қилади;

в) стажировка – магистратура босқичи талабалари учун ихтиёрий амалиёт тури. Дарвоқе стажировка талаба ихтиёрига кўра қабул қилувчи ташкилотларда, шунингдек педагогик амалиёт сифатида академик лицей ва техникумларда ўқув машғулотларини ўтказиш кўринишида ўталади. Стажировка ўталганлиги қабул қилувчи ташкилотдан тақдим этиладиган маълумотнома асосида кредитларни ҳисобга олиш тартибида белгиланади.
 
Ҳужжат 4.12.2020 йилдан кучга кирди.

Мавзуга оид