Жаҳон | 20:07 / 17.12.2020
10447
4 дақиқада ўқилади

Уйғур оиласи уч йиллик айрилиқдан сўнг яна дийдорлашди

Австралияда яшовчи уйғур йигити уч йиллик заҳматлардан кейин аёли ва ўғли билан кўришишга муваффақ бўлди.

Ўтган ҳафтанинг пайшанба куни Сиднейда Австралия фуқароси Садам Абдусалом аёли Нодила Вумайр ва 3 яшар ўғли Лутфий билан кўришди. Айрилиқдаги оилага дипломатик музокаралар туфайли Хитойдан чиқиб кетишига изн берилди.

Хитой Мусулмон уйғурлар жамияти аъзоси бўлган Вумайр хоним уй қамоғида экани айтилганди.

Абдусалом оиласи Сидней аэропортидаги ҳаяжонли учрашув фотосуратини омма билан баҳам кўрди. Садам 2017 йил туғилган фарзандини илк бор бағрига боса олди. «Раҳмат, Австралия! Барчага раҳмат!» дея ўз қувончи ва ҳисларини твитлаган Абдусалом.

Айрилиқнинг уч йили

Садам Австралияда 10 йил яшагач, 2016 йили қаллиғи Вумайр билан турмуш қуриш учун Хитойга қайтиб боради. У 2017 йили Австралияга ишга қайтади, Нодила эса виза олишни кутиб ватанида қолади. Нодила ўша йили Лутфийни дунёга келтирди. Лекин ота ўз фарзандини кўриш иложини қилолмади – Хитой ҳукумати Садамни мамлакатга киргизмади.

Кўзи ёриганидан кўп ўтмай, Вумайр хоним Хитой ҳукумати томонидан икки ҳафтага ҳибсга олинди. Кейинроқ қўйиб юборилди, лекин Нодиланинг паспорти олиб қўйилиб, мусодара қилинди ва уйидан чиқиш тақиқланди.

Сўнгги икки йилда Австралия уларни қўйиб юборишни сўраб бир неча бор расмий талаб жўнатди. Вумайр хоним Австралия фуқароси эмас, лекин ўғли Лутфий Абдусаломнинг талабига кўра расман Австралияга тегишли деб даъво қилинди.

Февралда Хитой расмийлари уларнинг никоҳи тан олинмагани ва Вумайр хоним Хитойда қолишни исташини айтиб баёнот беришганди.

Бироқ баёнотдан бир неча соат ўтиб, Садам ўз твиттери орқали аёлининг «Мен кетишни ва эрим билан бирга бўлишни истайман. 25.02.2020» деган ёзувни кўтариб тушган суратини эълон қилди.

Улар ўз ниятларига етиш учун яна 6 ой кутишга мажбур бўлишди. Ўтган ҳафта Шанхай-Ҳонгконг-Порт Моресби-Брисбан-Сидней йўналишида 48 соат давом этган узоқ сафар ниҳоясида Нодила ва Лутфий Абдусалом билан кўришиш бахтига етишишди. Садам Абдусалом Австралия ташқи ишлар вазирлигига «ақл бовар қилмас» иш учун миннатдорчилик билдирди. Шунингдек, у ўз адвокатлари ва оммавий ахборот воситаларига ҳам раҳмат айтишни унутмади.

«Бу кунга етаман деб ўйламагандим. Биз яна бирга бўлишимиз учун меҳнат қилган барчадан миннатдорман. Барча уйғур миллатдошларимга ўз оилалари бағрига қайтишни тилайман», деган Садам Абдусалом.

Эслатиб ўтамиз, бир неча йилдан буён Хитой Шинжонда яшовчи мусулмон аҳоли вакилларини қайта тарбиялаш лагерларида сақлаб келмоқда ва бу жаҳон афкор оммаси томонидан қаттиқ танқид қилинмоқда.

Жумладан, жорий йилнинг октябрида 39 давлат «Шинжондаги инсон ҳуқуқлари борасидаги вазиятдан қаттиқ ташвишда эканини» изҳор қилишганди.

Мавзуга оид