Жамият | 13:06 / 17.12.2020
17003
9 дақиқада ўқилади

Яккабоғда нега йўлнинг ҳимоя майдонига кирувчи жой аукционга чиқариб юборилди?

Яккабоғ тумани Маданият маҳалла фуқаролар йиғини Қўтонбой қишлоғида жойлашган 51-мактаб ҳудудига туташ кўча ёқаси аукционга чиқарилиб, сотиб юборилган. Маълум бўлишича бу жой йўлнинг хавфсизлик минтақаси (қизил чизиққача бўлган масофа) доирасига киради. Қолаверса, агар бу жойда қурилиш қилинадиган бўлса, унда мактаб олдидаги пиёдалар йўлакчаси ўрни тўсилиб қолади.

Kun.uz`га навбатдаги мурожаат Яккабоғ туман «Маданият» МФЙ, Қўтонбой қишлоғи аҳолисидан йўлланди. Унда маълум қилинишича, туман мутасаддилари томонидан шу қишлоқда жойлашган 51-мактаб ҳудудига туташ кўча ёқасидаги жой қонунга зид тарзда аукционда сотиб юборилган. 

«Тадбиркорга сотиб юборилган ер мактаб ҳудудига туташ кўча ёқасидаги пиёдалар йўлакчасининг ўрни ҳисобланади. Агар мазкур ерни сотиб олган тадбиркор қурилиш қилса, кейин нафақат мактаб ўқувчилари, балки бу ердан ўтиб қайтаётган қишлоқ аҳли ҳам кўчадан юришга мажбур бўлади. Бундан ташқари, мазкур ер йўлнинг қизил чизиғида жойлашган», — дейилади мурожаатда.

Мазкур мурожаат юзасидан энг аввал туман йўллардан фойдаланиш корхонаси раҳбари Қаҳрамон Маҳкамовдан изоҳ сўрадик ва 51-мактаб олдидаги йўл ҳамда унинг ҳимоя ҳудуди ҳақида маълумот олдик. Унинг маълум қилишича, 51-мактаб ёнидан ўтган йўл ички хўжалик йўли сифатида 5-тоифага киради. Вазирлар Маҳкамасининг 342-қарорига кўра бундай тоифадаги йўлларнинг ҳимоя майдони (қизил чизиқ) йўл ўртасидан ҳисобланганда 15 метр бўлиши белгиланган. Мурожаатчилар эса йўлнинг ўртасидан мактаб ҳудудини ўраб турган панжарагача 15 метр чиқмаслигини маълум қилишган.

51-мактаб ҳудудига туташ йўл ёқасидаги жой қайси ташкилот томонидан аукционга чиқарилгани хусусида суриштирувни давом эттириб, Вилоят «Ермулккадастр» Д.К. Яккабоғ филиали раҳбари Уйғун Турдиев билан боғландик.

Унинг айтишича аукционга чиқариладиган ер майдонлари ҳақида туман кадастр бўлими томонидан таклиф берилади. Ўндан ортиқ тегишли соҳа мутахассислари унга ўз хулосасини беради ва шундан сўнг ер аукционга чиқарилади. Мабодо битта ташкилот рад этиш ҳақида хулоса берса ҳам ўша ер аукционга чиқарилмайди. 51-мактаб ҳудудига туташ кўча ёқасидаги ер майдонига ҳеч бир тегишли соҳа рад этиш хулосасини бермаган ва у аукционга чиқарилган.

Уйғун Турдиевнинг маълум қилишича, 51-мактаб ҳудудига туташ кўча ёқаси у Яккабоғ туманига ишга ўтмасидан аввал туманнинг аввалги ҳокими Абдирасул Сафаров даврида аукционга қўйилган. Такрор савдо 2020 йил ёзда ўтказилган.

«51-мактаб ҳудудига туташ кўча ёқасидаги ер мен бу туманга ишга ўтгунча, 2020 йил феврал ойида аукционга чиқариб юборилган. Иккинчи савдода ер сотилгандан сўнг, маҳалла аҳли ҳокимиятга бир неча марта мурожаат қилган ва 51-мактаб ҳудудига туташ кўча ёқасида тадбиркорнинг қурилиш қилишига қарши эканлигини билдирган. Мазкур жойнинг қонунларга зид тарзда аукционга чиқарилганини мен маҳалла аҳли норози бўлиб келганда билдим. Шундан сўнг туман ҳокимига ва Қўтонбой қишлоғи жойлашган секторга раҳбарлик қиладиган ИИБ бошлиғига 51-мактаб ҳудудига туташ кўча ёқаси қонунларга зид равишда аукционга чиқарилганини ва тадбиркорга бошқа жойдан ер ажратиб берилиши лозимлиги ҳақида сўровнома киритганмиз», — дейди Уйғун Турдиев.

Уйғун Турдиевнинг сўзларига кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 342-қароридан келиб чиқилса тадбиркорга сотиб юборилган 51-мактаб ҳудудига туташ кўча ёқаси аукционга нотўғри қўйилган. Қизиғи, «Электрон онлайн аукционларни ташкил этиш маркази» давлат унитар корхонаси томонидан электрон онлайн аукцион натижалари тўғрисидаги N YU 124-125405 рақамли баённомада Ер участкасига туташ ер участкаларининг (объектларининг) белгиланган мақсади ва турлари дейилган жойда «Аҳоли пункти» билан туташ дейилган. Аслида эса савдога қўйилган ер мактаб ҳудуди ва кўча билан туташ. Аммо бу ҳақда баённомада ҳеч гап йўқ.

Мазкур масала юзасидан Яккабоғ туман ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Шуҳрат Мусурмоновдан ҳам изоҳ олдик. У тадбиркор 51-мактаб ёнидаги ерни аукциондан қонуний тарзда сотиб олганини, қўлида барча ҳужжатлари борлигини билдирди. Унинг айтишича 1-2 нафар қўлидан ҳеч бир иш келмайдиган бекорчи, юртимизнинг равнақ топишига ҳисса қўшмасдан, уйида ётиб олиб, қонуний ишлаётган тадбиркорнинг фаолиятига тўсиқ бўлишга уриняпти.

Ҳоким ўринбосари билан телефон қўнғироғи орқали суҳбатлашганимизда у жуда қизишиб кетди ва «уйида ётиб, қонуний ишлаётган тадбиркорни кўра олмаётган бекорчиларнинг ўзини бир текшириб кўриш керак»лигини билдирди. Ҳоким ўринбосари «текшириб кўриш керак» деганда нимани назарда тутди, буни очиқламади.

Шуҳрат Мусурмонов аввалига 51-мактаб ҳудудига туташ кўча ёқасидаги ер мактаб ҳудудига кирмаслигини, мактабда 3 гектар ер борлигини ва мазкур жой мактабга келажакда ҳам керак бўлмаслигини билдирди. Унга Вазирлар Маҳкамасининг 342-қарори ҳақида эслатиб, шу қарорга кўра аукционга қўйилган ер аслида шу жойдан ўтган кўчанинг ҳимоя майдонига (қизил чизиқ) киришини айтганимизда, у кўчанинг нариги тарафида яшаётган хонадон ҳам ўз деворини кўчанинг ёқасидан кўтарганини айтди. Ундан, кўчанинг нариги тарафида яшаётган хонадон ўз деворини кўча четидан кўтаргани, мутасадди ташкилотларга кўчанинг бу тарафидаги ерни қонунларга зид тарзда аукционга чиқариб юборишига асос бўла оладими деб савол берганимизда қўнғироқни узиб қўйди.

51-мактаб директори Аброр Тўхтаев бу жойнинг аукционда сотилиб кетгани хусусида бошқача фикрда. Унинг айтишича, мактабга тегишли ҳудуд ҳоким ўринбосари айтгандай 3 гектар эмас, бор йўғи 1 гектар 12 сотихни ташкил этади. У ҳозир тадбиркор қурилиш бошлаган жой пиёдалар йўлакчаси қилиниб қўйилиши ва дарахт экиб яшил зона қилиниши тарафдори. У мазкур жой кўчанинг ҳимоя майдонига кирмаган тақдирда ҳам келажакда мактабнинг ўзи учун асқотиб қолишини, шунинг учун бу қурилишга қарши бўлаётганини билдирди.

Мактаб ҳудудининг чизмаси

Суриштирув сўнгида мазкур жойни аукциондан сотиб олган тадбиркор Нуриддин Қиёмов билан суҳбатлашдик. Тадбиркорнинг айтишича, жорий йил ёзда у тасодифан мактаб ҳудудига туташ кўча ёқасидаги ер аукционга чиқарилганини билиб қолган. Шундан сўнг савдода қатнашиб ютган ва ерни сотиб олган.

«Мазкур жойни сотиб олганимдан сўнг бу ер аввал ҳам бир марта савдога чиқарилганини ва харидор бўлмагани учун сотилмай қолганини билдим. Мен савдода қатнашаётганимда бу ернинг кўчанинг ҳимоя ҳудудига киришини мутлақо билмаганман. Аукционга ҳужжатлари нотўғри ёки ноқонуний жойни савдога чиқаришмайди деб ўйлаганман ва унда қатнашганман. Қишлоғимиз аҳоли сони бўйича туманда иккинчи ўринда туради. Нон маҳсулотларига етарлича эҳтиёж борлиги учун бу ерда замонавий новвойхона қуришни режалаштирганман.

Аукционда ер учун пул тўладим, бу ерда ариқ бор эди, унга қувур ташладим, пойдевор қуйдим, жами 30 миллиондан ошиқ маблағим кетди. Агар бу жой аукционга нотўғри қўйилган бўлса, сарфлаган пулимни ким тўлайди? Шунинг учун мен охиригача бораман ва бу ерни мендан ким бўлса ҳам судга бериб, ютиб чиқса қайтариб олиши мумкин. Унгача қўлимда барча ҳужжатларим бор, бу ер меники ва қурилишни давом эттираман», — дейди тадбиркор.

Унга «шу жойни ютиб олиш учун аукционда қатнашаётганингизда ер кўчанинг ҳимоя ҳудудига кириши ёки пиёдалар йўлакчаси ўрни эканлигини билмаганмидингиз?» деб савол берганимизда, у буларни билмаганини айтди.

Тадбиркорнинг маълум қилишича, у қуришни режа қилаётган новвойхона биносининг эни 6 метр. Новвойхона учун ташланган пойдевордан кўча четигача яна 6 метр жой бор. Кўча ўртасигача эса 8 метр. Яъни кўча ўртасидан мактаб ҳудудигача жами 14 метр. Ер участкасининг карточкасидаги маълумотда ҳам автомобиль йўлигача бўлган масофа 12 метрлиги кўрсатилган.

Нуриддин Қиёмовнинг маълум қилишича, у бу жойни аукционда ютиб олгандан сўнг маҳаллада шу жойни кўз остига олиб юрганлар унга қарши турли жойларга мурожаат қиляпти ва унинг қонуний фаолиятига тўсқинлик қиляпти. Олган ери кўчанинг ҳимоя майдонига кириши эса унинг айби эмас. У қонуний тарзда аукционда қатнашган ва ерни сотиб олган.

Тадбиркор бу масалада ҳақ. Аммо шу жойни аукционга чиқариб юборганлар бу муаммони ҳеч кимга зарар етмайдиган тарзда қандай ечади, бунисини вақт кўрсатади.

Мавзуга оид