Ўзбекистон | 22:45 / 19.12.2020
13239
3 дақиқада ўқилади

Фарҳод Эрманов депутатлар олдида ҳисобот бериб, хоразмликларга мурожаат қилди

Халқ дeпутатлари Хоразм вилоят кeнгашининг навбатдаги сeссияси ўтказилди. Унда вилоят ҳокими Фарҳод Эрманов 2020 йилнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш якунлари бўйича ҳисобот берди ва 2021 йил учун белгиланган устувор йўналишлар ҳақида аҳолига мурожаат қилди.

Маърузада кенг кўламли ислоҳотлар натижалари, халқ билан мулоқот тизимининг самараси, ижтимоий-иқтисодий лойиҳалар, халқ таълими ва олий таълим соҳасидаги ютуқлар, соғлиқни сақлаш тизимида бажарилган ишлар ҳақида ахборот берилди. Шунингдек, бюджет ва солиқ соҳасида олиб борилаётган ишлардаги, жумладан, яширин иқтисодиётнинг олдини олиш, солиқ тўловчиларни тўлиқ қамраб олиш, норасмий фаолият кўрсатаётган ишчиларни легаллаштириш каби ишлардаги камчиликлар санаб ўтилди.

Фарҳод Эрманов 2021 йилда Хоразм вилоятида режалаштирилган 10 та устувор йўналиш белгиланганини маълум қилди.

1. Ҳар бир маҳаллада «ўсиш нуқта»ларини шакллантириш асосида аҳоли бандлигини таъминлаш ва муаммоларни ҳал этиш бўйича янги тизим жорий этилади;

2. Маҳаллада ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этиш бўйича «маҳалла раиси – ислоҳотчи» тамойили асосида янги тизим жорий қилинади;

3. Ҳар бир туман (шаҳар)да 2021-2022 йилларда ва келгусида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳисобига, уларнинг «ўсиш нуқта»лари белгиланган лойиҳалар республика тижорат банклари билан ҳамкорликда амалга оширилади;

4. Туризм соҳаси изчил ривожлантирилади. Ушбу соҳада яқин 2 йилда қиймати 1,3 триллион сўм бўлган 75 та лойиҳани амалга ошириш, шу жумладан меҳмонхоналардаги ўринлар сонини қарийб 2 баробар ошириб, 8 104 тага етказиш чоралари кўрилади;

5. Қишлоқ хўжалиги жадал ривожлантирилади, бу соҳада пахтани чуқур қайта ишлаш, шоличилик ва иссиқхоналар ўсиш нуқтаси бўлади;

6. Аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш чоралари кўрилади;

7. Аҳоли ҳаётини яхшилаш учун уй-жойлар қурилади ва коммунал инфратузилма яхшиланади;

8. Ҳудудларда ижтимоий инфратузилма объектларининг ҳолатини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилади;

9. Ёшлар ва аёлларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга, уларни жамиятдаги ролини оширишга алоҳида эътибор қаратилади. 40 минг нафар ишсиз ёшларнинг ва 34,3 минг нафар ишсиз аёлларнинг бандлиги таъминланади.

10. Ҳудудларда жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида криминоген вазият оғир бўлган маҳаллалардаги жиноят содир этиши мумкин бўлган шахслар билан якка тартибда ишлаш, жиноятга имкон берувчи омилларни бартараф этиш ишлари тизимли йўлга қўйилади.

Мавзуга оид