Жаҳон | 21:30 / 20.12.2020
30293
2 дақиқада ўқилади

Мамлакатлар Британия билан авиақатновларни тўхтатмоқда. Қиролликда коронавируснинг янги тури тарқалган

Европанинг қатор мамлакатлари Британия билан авиақатновларни тўхтатмоқда. Ҳозиргача Нидерландия, Италия ва Бельгия Британия билан қатновларни вақтинча тўхтатган.

Фото: AFP

Маълум бўлишича, Европа мамлакатлари ортидан Кувайт ва Британия билан қуруқликда чегараси бўлган Ирландия ҳам қироллик билан авиақатновларни тўхтатган. Нидерландия, Италия ва Бельгия Британия билан авиақатновларни ҳозирча 1 январгача тўхтатган. Нидерландия ҳукумати Европа Иттифоқининг бошқа мамлакатларини ҳам «Британияни иҳоталаш» режасига қўшилишга чорламоқда.

Мамлакатлар Британия билан авиақатновларни тўхтатишига сабаб қиролликда коронавируснинг мутацияга учраган янги тури тобора кенг тарқалмоқда. Европа Иттифоқи мамлакатлари эса худди ўтган йили бўлгани каби бу йил бошида ҳам вирус яна тарқалиб кетишидан хавотирда. Шу сабаб қитъанинг қолган мамлакатлари ҳам Бирлашган қироллик билан қатновларни вақтинча тўхтатиш ҳақида ўйламоқда.

Британияда тўртинчи (яъни энг юқори) эпидемиологик хатар даражаси эълон қилинган. Мамлакатда кескин карантин чоралари жорий этилмоқда. Фақат рождество куни (25 декабр) мамлакатда чекловлар бироз юмшайди. Британияда фақат бирламчи эҳтиёж маҳсулотларидан ташқари нарсалар савдоси билан шуғулланувчи дўконлар ёпилган, Лондонда одамлар кескин карантин чораларига қарши намойишга ҳам чиқишди.

Мамлакатда кескин чекловлар эълон қилингани сабаб вокзалларда тирбандлик кузатилмоқда. Кўпчилик рождествогача ота-онаси ёки яқинларининг уйига боришга улгуриб қолиш учун поездларга интилмоқда.

20 декабр ҳолатига кўра Британияда 2 миллион киши коронавирус юқтирган. Касаллик қироллик бўйлаб 67 мингдан кўпроқ одамнинг умрига зомин бўлган. Дунё бўйлаб эса 76,4 миллион киши вирус юқтириб, 1,7 миллионга яқин одам коронавирус сабаб вафот этди.

Мавзуга оид