Ўзбекистон | 20:12 / 23.12.2020
8439
3 дақиқада ўқилади

Ҳали қонуни чиқмаган умумюрисдикция судларига судьялар тайинланаётганига изоҳ берилди

«Тайинлов қарорлари 1 январдан кучга кириши белгилаб қўйилган», деб маълум қилди Олий суд судьяси Иброҳим Тожиев. Аммо тегишли қонунларга ҳали президент қўл қўйгани йўқ.

Ўзбекистонда ҳали қонунда белгиланмаган умумюрисдикция судлари учун судьялар тайинланаётгани жамоатчиликда саволлар уйғотмоқда.

Тегишли қонунлар ҳали имзоланмаган, Конституцияга ўзгартиш киритиш масаласи эса ҳали Сенатда ҳам кўрилмаган.

Kun.uz мухбири Олий суд судьяси Иброҳим Тожиевдан айни масалада изоҳ сўради.

«Ҳақиқатан ҳам, Олий суд қонун ташаббускорлиги ҳуқуқидан фойдаланиб, «Судлар тўғрисида»ги қонунни янги таҳрирда ҳамда Конституцияга тегишли ўзгартиш ва қўшимчаларни назарда тутувчи қонунни, шу жумладан тегишли бешта қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, Олий Мажлисга киритди. Бу масала кўриб чиқиляпти.

Шунингдек, Судьялар Олий кенгаши томонидан умумюрисдикция судларига судьялар тайинланиб келмоқда. Бироқ ушбу тайинлов қарорлари 2021 йил 1 январдан кучга кириши белгилаб қўйилган.

[...] Қонун Сенатда маъқулланди; қачон имзоланиши, имзолаш ёки имзоламаслик буёғи давлат раҳбаримизга боғлиқ. Президент Администрациясида бу бўйича иш олиб бориляпти», – деди судья.

Иброҳим Тожиев ишларни кассация тартибида кўриш икки босқичли бўлаётгани муносабати билан Олий суд судьяларига иш юкламаси ошиши ҳақидаги саволга ҳам жавоб қайтарди.

Иброҳим Тожиев

«Бугунги кунда ҳам иш назорат инстанциясида икки марта кўриларди. Яъни судлов ҳайъатида ва ундан кейин Олий суд раиси ёки бош прокурор протести киритилса, Раёсатда кўрилади. Раёсатда ҳам иш кўришда айнан шу судьялар маърузачи бўлиб ишларни кўрарди. Шунинг учун бунда сезиларли муаммо бўлмайди.

Яна бир нарсани айтмоқчиманки, бугунги кунда судьянинг назорат шикоятини судлов ҳайъатига ўтказишни рад қилиш ҳуқуқи бор эди. Энди янги қонун бўйича тарафларнинг ҳуқуқ ва манфаатларидан келиб чиқиб, улар берган кассация шикояти бевосита суд мажлисида кўриб чиқилади. Айни мана шу жиҳатдан иш ҳажми кўпаяди. Президентимизнинг ПФ–6034-сонли фармони билан Олий суд тузилмаси қайта тасдиқланган бўлиб, ҳар бир ҳайъатга қўшимча штатлар берилган. Шу жумладан, мен фаолият юритадиган Олий суд иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатига яна 2та штат қўшиб берилди», – деди Олий суд судьяси Иброҳим Тожиев.

Маълумот учун, вилоят даражасидаги фуқаролик, жиноят ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судлари ташкил этилмоқда.

Мавзуга оид