Жаҳон | 23:32 / 23.12.2020
9650
2 дақиқада ўқилади

Хитой ҳукумати Жек Мага мамлакатни тарк этмасликни тавсия қилган - ОАВ  

Фото: Frederic Legrand - COMEO / Shutterstock

Хитой ҳукумати Alibaba компаниясининг шуъба компанияси Ant Group’нинг IPO’си бекор қилингандан кейин компания асосчиси Жек Мага мамлакатни тарк этмасликни тавсия қилган. Бу ҳақда вазиятдан хабардор манбага таяниб Bloomberg ахборот агентлиги хабар берди.

Хитой расмий идоралари Ant’нинг биржага акцияларини чиқаришини бекор қилгандан кейин одатда фаол бўлган Жек Ма бирор марта оммавий кўриниш бермаган.   

Ant Group’нинг IPO’си ноябр бошига Ҳонгконг ва Шанҳай биржасида ўтказилиши режалаштирилганди. У фонд бозори тарихидаги рекорд қийматдаги IPO бўлиши ва компания унинг ортида 34,4 млрд долларгача маблағ жалб қилиши кутилганди. Бироқ биржалар Ant Group’нинг IPO’сини расмий идораларнинг талаби билан савдолар бошланиши режалаштирилган санадан икки кун олдин тўхтатишган. Эътиборлиси, расмий идоралар ушбу қарорни Ма Хитой банклари ва молиявий идораларини танқид қилганидан бир неча кун кейин қабул қилган.  

The Wall Street Journal нашри маълумотларига кўра, миллиардер Хитой ҳукуматига Ant Group акцияларининг бир қисмини миллийлаштиришни таклиф қилган. Бироқ бу IPO бекор қилиниши олдини олишга ёрдам бермаган.  

Мавзуга оид