Жаҳон | 19:03 / 28.12.2020
5848
2 дақиқада ўқилади

ЖССТ COVID-19’га чалиниб тузалганларга ниқоб тақишда давом этишни маслаҳат берди

ЖССТ вакилининг сўзларига кўра, олимлар касалликка чалиниб тузалганларда коронавирусга қарши иммунитет қанча вақт сақланиб қолиши мумкинлиги бўйича тадқиқотлар ўтказмоқда.

Фото: Pierre Crom / Getty Images

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти COVID-19’га чалиниб тузалганларга ниқоб тақишда давом этиш ва ижтимоий масофа сақлашни маслаҳат беради, деди ЖССТ эксперти Мария ван Керкхове.

Ван Керкховенинг сўзларига кўра, олимлар касалликка чалиниб тузалганларда коронавирусга қарши иммунитет қанча вақт сақланиб қолиши мумкинлиги бўйича тадқиқотлар ўтказмоқда.

«Бизда ҳалигача тўлиқ манзара йўқ. Айрим тадқиқотлар антитаналар олти ой ёки ундан узоқроқ муддат давомида сақланиб туришини кўрсатмоқда. Аммо бошқа коронавируслар бўйича орттирган тажрибамизга кўра, иммунитет бир умрлик бўлмайди», — деди у.

 Эксперт касал бўлиб соғайганлар вирусга қарши чораларга амал қилишлари муҳимлигини таъкидлади.

«Биз ҳалигача иммунитет қанча вақт сақланиб қолишини билмаймиз. Шунинг учун ижтимоий масофага риоя қилиш, совун ёки спиртли антисептикларда қўлларни тоза сақлаш лозим. Керакли жойларда ниқоб тақиш ва барча эҳтиёт чораларига амал қилиш керак», — дея таъкидлади ван Керкхове.

Аввалроқ австралиялик олимлар COVID-19’га чалиниб тузалганларда иммунитет камида саккиз ой сақланиб туришини аниқлашганди.

Мавзуга оид