Ош ҳам кўмирда дамланди. Чустнинг Қорақўрғонида ўтган бир тун
Kun.uz сайти чекка ҳудудларда истиқомат қилувчи фуқаролар ҳаёти билан танишиш мақсадида «Қишлоқда бир тун» лойиҳасини тасвирга олиб келмоқда.
Бу сафарги бир тун Наманган вилояти, Чуст туманининг чекка қисмида, қўшни Қирғизистон билан чегарада жойлашган «Қорақўрғон» маҳалласида ўтди.
Бу маҳаллада бугунги кунда 420 нафар қирғизлар, 600 нафар тожиклар, 3335 нафар ўзбеклар истиқомат қилади. Қисқача қилиб байналмилал маҳалла деса ҳам бўлади. Маҳалла аҳолиси деҳқончилик, боғдорчилик ҳамда чорвачилик билан шуғулланади.
Шу ерда яшовчи Комилжон Матқуловнинг уйига ташриф буюришимиздан озгина ўтиб, электр таъминотида узилиш рўй берди. Мезбоннинг қўлбола фонаридан фойдаланган ҳолда суҳбатни давом эттирдик.
Ноёб қушларни боқиш Комилжон аканинг севимли машғулоти экан. У қишлоқ шароити бўлишига қарамай, уйида кўплаб сайроқи қушларни парваришлайди.
Уй эгалари хонадонни иситиш учун асосан кўмир ёқишади, Қирғизистондан келтирилган кўмир ҳам овқат пишириш, ҳам чой қайнатишга асқатар экан.
Уй бекаси Жирғалбу Мирзаахметова биз учун ошни ўша кўмирдан ёқиб дамлади.
Асли Қирғизистонда туғилган Жирғалбу Мирзаахметова шу йил Ўзбекистон фуқаролигини олган. Унинг айтишича, ўзи ва қизлари ҳозирда ишсиз. «Агарда маҳаллада бирорта тикувчилик цехи ёки фабрика бўлганида жон деб ишлаган бўлар эдик», – дейди уй бекаси.
Ҳа, айтганча, чироқ 30 дақиқалар ичида ёнди. Бу қишлоқда қиш мавсумида ҳар куни кузатиладиган ҳолат.
«Қорақўрғон» маҳалласи «Обод қишлоқ» дастурига киритилган. Комилжон аканинг айтишича, ичимлик сувидан бошқа муаммоларда ишлар охирига етказилган. Биргина ичимлик суви масаласи ҳал этилмаган. Ҳозирда аҳоли ариқ ҳамда булоқ сувидан истеъмол қилиб яшамоқда.
Мавзуга оид
19:54 / 19.06.2024
Наманганда опа-сингилни сел вақтида девор босиб қолди
12:02 / 18.06.2024
Ўроқда йўқ, машоқда йўқ, хирмонда ҳозир. Наманганда ҳам деҳқоннинг буғдойи тортиб олиняпти
12:36 / 05.05.2024
Наманганда сохта доллар сотаётган шахс ушланди
17:30 / 20.02.2024