Ўзбекистон | 17:53 / 31.12.2020
3485
9 дақиқада ўқилади

«Ўзмиллийбанк» тарихий-меъморий ёдгорликларни таъмирлашга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда

Хиванинг дунёга машҳур Ичанқалъа тарихий ва меъморий ёдгорликлар мажмуаси неча асрки сайёҳларни ўзига оҳанрабодек тортиб келади. Истиқлол даврида, айниқса, сўнгги уч-тўрт йилда қадим кент том маънода сайёҳлик шаҳрига айланди. Бунинг учун яратилган мустаҳкам замин энг замонавий хизматлар кўрсатишга қодир меҳмонхоналар қурилиши, музейлар фондлари бойитилиши ва шаҳарга темирйўл келиши, тезюрар йўловчи поездлар қатнови йўлга қўйилиши орқали тўла намоён бўлди.

Ўтган йили шаҳарга олдинги йиллардагига нисбатан беш ҳисса кўпроқ сайёҳлар ташриф буюргани халқаро ва ички туризмни ривожлантириш тизимидаги жадал ислоҳотлар самарасидир.

Ичанқалъадан кунботиш томонга беш юз қадамча юрсангиз «Нуруллабой» саройига борасиз. 1893-1904 йилларда Хива хони Муҳаммад Раҳимхон Соний фармони билан қурилган бу меъморий обида Дишанқалъа ҳудудида бўлиб, ўз вақтида хонлар учун ёзги қароргоҳ вазифасини ўтаган. Ўз даврида Шарқ ва Ғарб меъморлиги анъаналари асосида қурилган ва юртимизда ягона бўлган саройга ёндош жойда чет эллик меҳмонларни қабул қилиш учун алоҳида қароргоҳ ҳам барпо этилган. Баланд эшик ва деразалар Хива яқинидаги Оқмачит қишлоғида яшаган меннонит мазҳабига мансуб немислар томонидан ясалган. Яна ўша давр учун ҳудудда янгилик тарзида сарой хоналарига голланд русумидаги печлар ҳам қурилган.

Расмий қабуллар саройи

Бу обида вақт келиб тарихий вазифасидан айро тушиш асносида ҳатто меъморий кўркини йўқотиш даражасига боргани ҳам айни ҳақиқат. Ушбу мажмуа айнан давлат раҳбарининг 2017 йилдаги ташаббусига асосан Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки маблағлари ҳисобидан тўла қайта таъмирланди. Энг муҳими, ўша йили бошланган бу масъулиятли жараён юртимизнинг энг машҳур усталари томонидан тарихий обидага шикаст етказмаган ҳолда моҳирона амалга оширилди. Бу жараён икки босқичда ва уч йил ичида сифатли якунига етказилганлиги ҳам унинг қанчалик мураккаб ва ноёб жараёнлигидан далолат беради.

Иккинчи умрини бошлаган тарихий-меъморий обида зиммасига эндиликда янги масъулиятли вазифа юкланди. Бу вазифа айни дамда юртимизнинг туристик салоҳиятини ошириш борасида олиб борилаётган ислоҳотларга мос ва хосдир. Президентимизнинг юртимизда туризмни янада ривожлантириш борасидаги тарихий қарорлари ҳамда 2017 йил 17 ноябрдаги «Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида ушбу улкан саройда халқ ҳунармандлиги намуналари кўргазмасини ташкил этиш ғояси илгари сурилди ва қисқа фурсатда амалга оширилди. Асрни қаритган меъморий обида аслиятни сақлаган ҳолда тамомила янгиланган ва яна кўплаб асрларни, авлодларимиз ва сайёҳларни ўз кўриниши, салобати билан ҳайратга соладиган кошонага айланди.

«Нуруллабой» мадрасаси

Сарой кўп хонали. Айни пайтда хоналари кенг – ўзига хос меъморий бичимга эга. Айнан мана шу сифатлари боис саройда тасвирий санъат ва миллий ҳунармандлик кўргазмалари очиш учун мисли кўрилмаган имкониятлар яратилиши табиий эди. Айнан ушбу мақсад орзудан амалиётга айланди.

«Нуруллабой» мадрасаси
«Нуруллабой» мадрасаси

Раҳима Азимхўжаева, Ўзбекистон Тасвирий санъат галереяси бош мутахассиси:

– «Нуруллабой» саройи ҳар қандай кўргазмалар учун ўзига хос ажойиб маскан. Мажмуада қўшимча кўргазма майдонининг яратилиши Ўзбекистон Тасвирий санъат галереяси бадиий фаолиятини кенгайтириш йўлида янги сарҳадларни очмоқда. Галерея фондида ташкил этиладиган ва доимий равишда янгиланиб туриладиган экспозициялар маҳаллий томошабинлар ва хорижлик сайёҳларни Миллий банкимизнинг бой тўплами билан таништиришда жуда катта имкондир. Аъло даражада жиҳозланган катта бадиий галереяда фондимиз ихтиёридаги қирқдан ошиқ асарлар тўплами намойиш қилиняпти.

Тасвирий санъат галереяси

Илгари кўпгина санъат асарларини пойтахтга келиб томоша қилиш орзусида бўлган ихлосмандлар кўргазмамиздан ғоят миннатдор эканини изҳор қилишмоқда. Фақат бугина эмас. Энг асосийси, мазкур кўргазма санъат ихлосмандлари, сайёҳларни юртимизнинг таниқли ҳамда ёш рассомлари ижоди билан таништириш имконини яратади. Режаларимизда келгусида «Нуруллабой» мажмуасида рассомлар учун махсус қароргоҳ ташкил қилиш белгиланган. Бу ерда вақтинча бўлса-да яшаб, ижод қиладиган рассомлар ноёб меъморий ёдгорликлар, ўзига хос миллий анъаналар, халқ ҳунармандчилиги намуналари, қисқача айтганда, маҳаллий калорит таъсирида янгидан янги санъат асарлари яратишларига бой илҳом манбаи бўлади.

Биринчи ўзбек суратчиси ва кинооператори Худойберган Девонов Хивада туғилган ва умри шу ерда кечиб, ўзидан жуда катта миллий бойлик қолдирган. «Нуруллабой» саройида илк ўзбек фото ва кинооператори Худойберди Девонов ижоди ва фаолиятига бағишланган фотогалерея ҳам иш бошлаган. Галереяда ўтган аср бошлари ва учинчи ўн йиллигигача бўлган даврда Хоразмнинг тарихи, одамлари, анъаналари, урф-одатлари акс этган ноёб суратлар намойиш қилиняптики, аждодлар ҳаёти ва яшаш тарзига қизиқувчи томошабинларни галереядаги ҳар бир сурат ўзига тортмоқда, мафтун этмоқда. Шундан галереяни кўриш иштиёқида бўлганлар сони кундан кунга ошиб боряпти. Хорижий сайёҳлар учун бу суратлар юртимиз тарихининг гўё жонли манзаралари. Галереяда Худойберген Девонов суратга олган тарихий ҳужжатли фильмлар ҳам намойиш қилинади.

Худойберген Девонов фотогалереяси

Муқаддам Ўзбекистоннинг биринчи фотографи ва киночисининг фонди Ичанқалъадаги кичкина бир бинонинг торгина икки хонасида жойлашган эди.

Жаҳонгир Темирхўжаев, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори:

– Тарихий-маданий меросни кўз қорачиғидек асраш мустақиллик давримизнинг энг устувор сиёсати даражасига кўтарилдики, буни давлат раҳбари ва ҳукуматимиз қабул қилган қатор фармон ва қарорларда кўряпмиз. Жаҳон олимлари юртимиз ўзига хос тараққиёт тамаддунларидан бири бўлганини аллақачон тан олишган. Бугун аждодларимиздан бизга нафақат улар бунёд этган меъморий обидалар, балки амалий санъат, миллий ҳунармандлик намуналари ҳам мерос қолганки, уларни асраш ва айни пайтда ёш авлодни таништириш орқали миллий қадриятларимизга ҳурмат ва эътибор руҳида тарбиялашга катта аҳамият берилаётгани бежиз эмас. Шу маънода «Нуруллабой» саройида ташкил қилинган миллий ҳунармандлик намуналари кўргазмалари эзгу ишларимизнинг ёрқин ва ажойиб намойиши бўляпти.

Миллий банк томонидан «Нуруллабой» мажмуасида ташкил қилинган қабуллар уйи, амфитеатр билан бир қаторда фаолият бошлаган халқ ҳунармандлиги устахоналари кўп асрлик тарихимиз гувоҳи бўлган осори-атиқаларни асраш билан бир қаторда, аждодларимиз санъат даражасига кўтарган ҳунармандликка ёшларни қизиқтириш, ўргатиш, анъаналар бардавомлигини сақлашга хизмат қилади.

Хоразм амалий санъат кўргазмаси

Бу ерда неча аждодлари миллий ҳунармандликни касб қилган ва авлодлардан авлодларга мерос сифатида давомий қолдириб келаётган хивалик ҳунармандлар сулолалари ўз устахоналарига эга бўлишгани ва амалий санъатни ёшларга ўргатишаётгани жаҳон аҳлига бой тарихий меросимизни тарғиб қилишда катта майдон вазифасини ўтайди, албатта. Негаки, шаҳарга ва, шубҳасиз, «Нуруллабой» саройига ташриф буюрган хорижлик сайёҳлар амалий санъат намуналарини эсдалик учун харид қилишади. Шу тахлит беш қитъада умрбоқий Хива ва унинг ўлмас ҳунармандлик мактаби намуналари пайдо бўлади. Амалий санъат бир митти кўзача тимсолида океанларни кесиб ўтади, бошқа миллат ва халқларга бизнинг бой тарихимиздан сўзлайди.

Иброҳим Хўжа уйи

Илгари Ичанқалъадаги кўкка бўй чўзган Исломхўжа минораси шаҳарнинг ўзига хос рамзи саналарди. Бугун бу рамз ёнига «Нуруллабой» мажмуаси ҳам қўшилди ва бу атама дунёнинг барча тилларида талаффуз қилиниб, ўзига хос тарғибот воситасига айланди. «Нуруллабой» саройи орқали қадим Хива яна бир битмас-туганмас миллий бойлик эгасига айланди.

Ҳали юртимизда бундай «очилмаган қўриқ»лар қанча? Уларни очаётган ва иккинчи умр бахшида қилишда ўз молиявий кўмагини аямаган «Ўзмиллийбанк» каби ташкилотларнинг ҳам саъй-ҳаракатлари таҳсинга лойиқ.

«Ўзмиллийбанк» матбуот хизмати

Мавзуга оид