Жаҳон | 16:10 / 04.01.2021
4126
2 дақиқада ўқилади

АҚШда Moderna вакцинаси дозасини икки бараварга камайтириш масаласи кўриб чиқилмоқда

АҚШ касалликларни назорат қилиш ва профилактика марказининг маълумот беришича, мамлакатда 4,2 миллиондан ортиқ киши Pfizer ва Moderna вакциналари билан эмланган. 

Фото: TASS/EPA/Gary Coronado

АҚШ ҳукумати мамлакатда вакцинация суръатини тезлаштириш учун аҳолининг бир қисмига Moderna вакцинаси дозасининг ярмини етказиб бериш имкониятини ўрганмоқда. Бу ҳақда CBS телеканали эфирида вакцинация дастури раҳбари Монсеф Слауи маълум қилди.

 Унинг сўзларига кўра, маъмурият вакиллари бу масала бўйича Moderna компанияси ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори воситаларини санитар назорат қилиш бошқармаси (FDA) билан музокара олиб бормоқда. Moderna вакцинаси билан эмлашда иккита доза киритиш талаб қилинади.

"Moderna вакцинаси дозасининг икки бараварга камайтирилиши икки баравар кўпроқ одамларни эмлаш имкониятини беради", - деди Слауи.

Унинг қўшимча қилишича, вакцинанинг ярим дозаси ҳам "тўлиқ доза каби иммун жавобини чақиради".

АҚШ касалликларни назорат қилиш ва профилактика марказининг (CDC) маълумот беришича, мамлакатда 4,2 миллиондан ортиқ киши Pfizer ва Moderna вакциналари билан эмланган. 

 Ҳукумат аввалроқ 2020 йил охиригача 20 млн кишини эмлашни режалаштирганини билдирганди.

Мавзуга оид