Жаҳон | 23:42 / 12.01.2021
9613
2 дақиқада ўқилади

Грузиянинг энг бой одами 1,5 млрд долларлик мулкларини хайрия жамғармасига ўтказди

"Грузия орзуси – Демократик Грузия" партияси асосчиси ва раҳбари Бидзина Иванишвили 1,5 млрд долларлик активларини ўзи ташкил этган "Карту" хайрия жамғармасига ўтказди.

Фото: ТАСС

Унинг аниқлик киритишича, активларга туристик объектлар, тижорий кўчмас мулк, офислар ҳамда Тбилиси ва Грузия регионларидаги ер участкалари киради.

Иванишвилининг сўзларига кўра, у ва турмуш ўртоғи ўзлари учун 200 млн доллар олиб қолишган. 

"Шунингдек, фарзандларимга бирор янгилик яратиш, ўзларини тўлиқ англаб етиш ва ривожланишда тўхтаб қолмасликлари учун кераклича маблағни қолдираман", - деди Иванишвили.

"Карту" хайрия жамғармаси 1995 йилда ташкил этилган ва ўтган вақт давомида турли соҳаларда қиймати 3 млрд доллардан ортиқ лойиҳаларни амалга оширган.

Иванишвили Грузиянинг энг бой одами ҳисобланади, аввалроқ Forbes журнали унинг бойлигини 5,5 млрд доллар атрофида деб баҳолаганди. Иванишвили бойлигига 1990-йилларда Россияда эришган. У турли даврларда металлургия бизнеси, кўчмас мулк ва молия соҳаларидаги операциялар билан шуғулланган.

Иванишвили 2011 йилда "Грузия орзуси – Демократик Грузия" партиясига асос солган. Партия бир йилдан сўнг парламент сайловларида мухолиф коалиция таркибида ғалаба қозонган, Иванишвили эса Грузия ҳукумати раҳбари бўлган.

Мавзуга оид