Иқтисодиёт | 14:50 / 13.01.2021
14957
4 дақиқада ўқилади

Бош вазир ўринбосари экспортдаги шубҳали ҳаракатлар бўйича муносабат билдирди

Ўзбекистондан экспортга юборилган маҳсулот учун маблағнинг тадбиркор ҳисобига келиб тушиши, уни ундириб олиш ишлари бўйича янги тизим йўлга қўйилади.

Ўзбекистон Бош вазир ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов экспорт жараёнида маблағлар тушумининг ўз вақтида бажарилиши бўйича назорат тизими яратилаётганини маълум қилди. Шу орқали экспорт-импортдаги шубҳали шартномалар масаласига ечим топилиши кутилмоқда, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Вазир сўзларига кўра, мазкур тизим биринчи навбатда тўлов интизомини таъминлашда тадбиркорлар учун муҳим аҳамиятга эга.

«Экспортга юборилган маҳсулотнинг, товарларимизнинг тўлови, тегишли ҳисоб рақамга тушиши керак бўлган маблағнинг ҳар бир доллари, ҳар бир центигача ундириб олиш ишлари бажарилади. Буни такомиллаштириш бўйича вазирлигимиз бошқа вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда махсус чора-тадбирларни ишлаб чиқди. Республика миқёсида алоҳида ишчи гуруҳ шакллантирилган. Мен бу гуруҳга раҳбарлик қиламан, Солиқ қўмитаси раиси муовиним бўлади. Биргаликда янги тизим яратамиз. Биз экспорт ҳолатларидаги тўлов интизомини қатъий таъминлаймиз.

Мисол тариқасида, бизнинг маҳсулотимизга пулни бир марта вақтида тўламаган хориждаги импортёр бўлса, уни ўзимиздаги «қора рўйхат»га киритамиз. Кейинги ҳолатда Ўзбекистондаги қайси экспортчи маҳсулотини ўша импортчига юборадиган бўлса, тўловни фақатгина олдиндан қабул қилган ҳолда, экспортни амалга оширади. Чунки бир марта бизга панд бериб муаммога дуч келишимизга сабаб бўлдими, маълум муддатга мана шундай чора кўришга мажбур бўламиз», – деди вазир 12 январ куни ОАВ вакиллари учун ўтказилган матбуот анжуманида.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов

2020 йил 9 ой якунига кўра, қовун экспортида Жиззах вилояти 7,6 минг тонна ва тарвуз экспортида Қашқадарё вилояти 7,2 минг тонна кўрсаткич билан ҳудудлар орасида етакчилик қилган. Қовун-тарвуз экспорти бўйича асосий йўналиш узоқ йиллардан бери Қозоғистон, сўнгра Россия давлати бўлган.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотига кўра, Ўзбекистон ўтган йил 10 ойи якуни бўйича, 52 минг тонна қовун экспорт қилган. Етиштирилган қовун маҳсулоти экспорти бўйича Қозоғистон 19,1 минг тонна кўрсаткич билан етакчилик қилган. Шунингдек, Қирғизистонга 16,9 минг тонна, Россия Федерациясига 6,1 минг тонна қовун экспорт қилинган.

Қовун экспортида Россия ўрнини Қирғизистон эгаллаши ҳамда водий вилоятларидан қовун экспортининг қўшни давлатларга кескин ошиб кетиши жамоатчиликда шубҳа туғдиради.

Бош вазир ўринбосари Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан савдо алоқаларида шубҳали товар нархлари ва ҳажмларининг экспорт-импорт қилиниши ортидан келиб чиқаётган саволларга тўлов интизомини ошириш орқали жавоб бериш мумкинлигини таъкидлади, яъни экспортдаги муддати ўтган дебиторлик қарзи қанча камайса, шартномалар ва ундаги нархлар, натижада экспорт бўйича кўрсаткичлар тўғри шаклланганига ойдинлик киритилади.

Шунингдек, бош вазир ўринбосари Қирғизистон расмийлари тақдим этадиган рақамлар ва Ўзбекистон расмий статистикаси ўртасида меъёрдан ортиқ тафовут вужудга келишини таъкидлади. Умурзоқов ушбу масала бўйича икки томон ҳамкорликда иш олиб бораётгани, маълумотлар алмашинуви, хусусан соҳадаги рақамлаштириш ишлари жадал кечаётганини айтди. 

Мавзуга оид