8та хусусий инвесторлик лойиҳаси мавжуд – Президент машинасозлик соҳаси ҳақида
Автомобилсозлик саноатининг 30-35 фоизи хусусий сектор назоратига ўтказилади. Хорижий мутахассислар иштирокида «Ўзавтосаноат» фаолиятини трансформация қилиш офиси ташкил қилинади.
13 январ куни президент Шавкат Мирзиёев иштирокида машинасозлик саноатини трансформация қилиш ва соҳада рақобатдошликни ошириш масаласидаги йиғилишда давлат раҳбари 276 миллион долларлик 8та хусусий инвесторлик лойиҳаси мавжудлигини эълон қилган, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.
«Бугунги кунда бир неча хорижий компаниялар инвестиция киритиш истагини билдирган. Машина ишлаб чиқариш бўйича 276 миллион долларлик 8та хусусий инвесторлик лойиҳаси мавжуд. Биз ишлаб чиқарувчиларнинг ҳаммасини бир хилда локализация қилишимиз керак», – деди президент.
Шунингдек, жорий йилда автомобилсозлик саноатининг 30-35 фоизи хусусий сектор назоратига ўтказилиши маълум қилинди.
«Очиқ рақобатбардошликни таъминлашга қаратилган алоҳида ҳужжат ишлаб чиқишимиз керак. Сабаби инвестор ишлаб чиқариш учун келса, аниқ белгиланган меъёрлар мавжуд ҳужжатни тақдим этамиз. Очиқ рақобат ва таннарх устида ишлашимиз керак», – деди «Ўзавтосаноат» АЖ бошқарув раиси Шавкат Умрзоқов «Ўзбекистон24» телеканалига берган интервьюсида.
Таъкидланишича, хорижий мутахассислар иштирокида «Ўзавтосаноат» фаолиятини трансформация қилиш офиси ташкил қилинади. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги зиммасига бу вазифаларни бажариш юклатилган. Жорий йилнинг 1 июлига қадар тармоқ доирасидаги 40та компанияни трансформация қилиш ишлари бошланиши кўзда тутилган. «Ўзавтосаноат»нинг фаолиятига алоқадор бўлмаган 14та ташкилотдаги улуши сотилиши маълум қилинди.
«Тармоқда монопол мавқейи сақлаб келинмоқда. Рақобатни шакллантириш ва янги ишлаб чиқарувчилар учун тенг шароит яратишимиз керак. Бизнинг асосий мақсадимиз истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш ва маҳсулот сифатни яхшилашдир», – деди Монополияга қарши кураш қўмитаси раиси Нажмиддинхўжа Шарипов.
Президент томонидан ҳамёнбоп техникалар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва уларнинг локализациясини амалга ошириш шу йилнинг охиригача 30 фоизга, 2022 йилда 45 фоизга етказиш вазифаси қўйилди.
Аввалроқ яқин йилларда хорижий компаниялар билан ҳамкорликда ишлаб чиқарилиши кутилаётган автомобиллар ҳақида маълумот берилганди.
Маълумот учун, автомобил саноати улуши республика умумий саноатининг 11 фоизини ташкил қилади.
Мавзуга оид
19:45 / 06.02.2024
Электромобил тармоғини ривожлантириш чора-тадбирлари тақдимот қилинди
19:10 / 22.01.2024
Президентга спортдаги натижалар ва режалар бўйича ахборот берилди
19:05 / 22.01.2024
«Соғлиқни сақлаш лойиҳалари маркази» ташкил этилади
09:47 / 19.01.2024