Баҳодир Қурбонов генерал-лейтенант бўлди
Мудофаа вазири Баҳодир Қурбоновга генерал-лейтенант ҳарбий унвони берилди. Вазирлик матбуот хизмати Kun.uz'га бу маълумотни тасдиқлади.
13 январ куни президент Шавкат Мирзиёевнинг фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 29 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларидан бир гуруҳи ҳарбий унвонлар, орден ва медаллар билан тақдирланган эди. 14 январ куни мукофотларни топшириш маросими бўлиб ўтди.
Kun.uz мухбири хабар беришича, мудофаа вазири Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Тошкент шаҳридаги Халқлар дўстлиги саройида ўтказилган байрам дастурида ҳам генерал-лейтенант ҳарбий унвонли формада меҳмонларга президент табригини ўқиб эшиттирган.
- Баҳодир Низамович Қурбонов 2015-2018 йилларда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи сифатида ишлаган, 2018 йил февралида унга генерал-майор ҳарбий унвони берилиб, Тошкент ҳарбий округи қўшинлари қўмондони лавозимига тайинланган. 2019 йил февралида эса у Ўзбекистон мудофаа вазири сифатида иш бошлаганди.
- Маълумот учун, генерал-лейтенант ҳарбий унвони Ўзбекистонда даражаси жиҳатидан 3-ўринда туради - армия генерали ва генерал-полковник унвонларидан кейин.