Ўзбекистон | 00:07 / 15.01.2021
16355
2 дақиқада ўқилади

ИИВ расмийси: Паспортининг муддати тугамаган фуқаро ID-карта олишга мажбур эмас

Ўзбекистон фуқаролари агар паспортининг амал қилиш муддати тугамаган бўлса, у йўқотилмаган ёки яроқсиз ҳолга келмаган бўлса, ундан фойдаланишда давом этиши мумкин.

Яъни юқоридаги шартларда фуқаролар паспортини ID-картага алмаштириши шарт эмас. Бу ҳақда ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бошқарма бошлиғи Фазлиддин Усмонов Kun.uz мухбири билан суҳбатда маълум қилди.

2021 йилдан бошлаб Ўзбекистонда 2011 йилги намунадаги фуқаронинг биометрик паспортини бериш тўхтатилди. Бунинг ўрнига ID-карталарга ўтилмоқда.

ID-карталарга ўтиш учун 10 йил вақт белгиланган бўлиб, бу муддат – фуқаролик паспортининг амал қилиш муддатига тенг. Шунга мувофиқ, фуқаролар ўз паспортларидан муддати тугагунча фойдаланишда давом этишлари мумкин.

2031 йилдан бошлаб, Ўзбекистон фуқаросининг 2011 йилги намунадаги биометрик паспорти ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

ID-карталар республиканинг исталган ҳудудида, 1 иш кунида тайёрлаб берилади. Паспортдан фарқли равишда, ID-картани йўқотиб қўйганлик учун жарима йўқ.

ID-карта олиш учун фуқаролар паспорт ёки у йўқолган ёхуд зарар етган бўлса, унинг ўрнини босувчи ҳужжатни тақдим этиши лозим.

Гувоҳномани олиш учун my.gov.uz портали орқали онлайн ариза бериш ҳам мумкин.

Айни пайтда тўлов миқдори БҲМнинг 89 фоизи (198 470 сўм)ни ташкил этади. БҲМ миқдори 1 февралдан ўн фоизга кўтарилади.

Мавзуга оид