Ўзбекистон | 21:28 / 16.01.2021
11858
5 дақиқада ўқилади

Шахматни ривожлантириш бўйича президент қарорида нималар кўзда тутилган?

14 январ куни «Шахматни янада ривожлантириш ва оммавийлаштириш ҳамда шахматчиларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори эълон қилинганди.

Қарор ижроси учун масъул ҳисобланган бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов шахматни ривожлантириш бўйича мазкур президент қарори асосида амалга ошириладиган ишлар хусусида Kun.uz'га маълумот берди.

Президент қарорида шахматни 2025 йилгача ривожлантириш бўйича аниқ вазифалар белгиланган. Агар бу вазифалар амалга оширилса, мамлакатда шахмат билан боғлиқ вазият мутлақо янгича тус олади.

FIDE'да юқори ўнликка кириш вазифаси қўйилган

Ҳозирда Ўзбекистон Халқаро шахмат федерацияси (FIDE) рейтингида 162 давлат ичида 32-ўринни эгаллаб турибди. Қарорга кўра, бу рейтингда 2025 йилда юқори ўнликка кириш вазифаси қўйилган. Айни дамда мамлакатда халқаро гроссмейстерлар сони 22 нафарни ташкил этади. 3 154 киши шахмат билан профессионал даражада шуғулланади ва улардан 580 нафари аёллар.

14 та туман ва шаҳарда шахмат қўшимча спорт тури сифатида ривожлантирилади

2025 йилга қадар мамлакат аҳолисининг 3 фоизи шахмат билан мунтазам шуғулланишига эришиш кўзда тутилмоқда. Шахмат мактаблари ва клублари фаолиятига кўмак бериш мақсадида Шахмат клублари ассоциацияси ташкил этилади. Жисмоний тарбия ва спорт университетининг Фарғона филиалида шахмат бўйича таълим йўналиши очилади. Шунингдек, Шахматни оммавийлаштириш ва ривожлантириш жамғармаси ташкил этилади.

Республикадаги 150 та мактаб шахматга ихтисослаштирилади ва ўқувчиларни чуқурлаштирилган ҳолда шахматга ўқитиш йўлга қўйилади. Бундан ташқари, 1 000 та умумий ўрта таълим мактабида жисмоний тарбия фани доирасида 18 соат шахмат дарслари жорий этилади.

Умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари ўртасида синф тоифасидан келиб чиқиб (1-4 синф, 5-9 синф, 10-11 синф) ўқувчилар ўртасида туман/шаҳар, вилоят ва республика даражасида турнирлар ташкил этилиб, яхши натижаларни кўрсатган қатнашчиларнинг халқаро турнирлардаги иштироки таъминланади.

Мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари, мактаб ўқувчилари ва жисмоний тарбия фани ўқитувчилари ўртасида ҳар йили шахмат бўйича республика биринчилигини ўтказиш йўлга қўйилади. Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятларда биттадан – жами 14 та туман/шаҳарда шахмат қўшимча спорт тури сифатида ривожлантирилади.

Шахмат йўналишида ўқийдиган талабалар Халқаро шахмат академиясида амалиёт ўтайди

Қарор ижросида олий таълим муассасаларида шахмат йўналишида таҳсил олаётган талабаларнинг Халқаро шахмат академиясида амалиёт ўташини ташкил этиш режалаштирилган. Иқтидорли кадрларни саралаб олиш жараёнини қулайлаштириш мақсадида шахмат бўйича таҳсил олаётган ўқувчилар, талабалар, ўқитувчилар ва мураббийларнинг ягона электрон базаси яратилади. Бундан ташқари, 2021 йил 1 майгача uzchess.uz – шахмат бўйича мусобақалар ва турнирларни онлайн ўтказиш платформаси ишга туширилади.

Рустам Қосимжонов халқаро турнири ташкил этилади

Шахматга қизиқишни ошириш мақсадида халқаро даражадаги мусобақаларни ташкиллаштириш ҳам кўзда тутилган. Хусусан, шахмат бўйича XVII Жаҳон чемпиони Рустам Қосимжонов халқаро турнирини ўтказиш йўлга қўйилади. Унда дунёнинг юқори рейтингли шахматчилари иштироки таъминланади.

Шу жумладан, Тошкент шаҳрида Ўзбекистон президенти соврини учун халқаро шахмат турнири, ўзбекистонлик биринчи халқаро гроссмейстер Георгий Агзамов хотирасига бағишланган халқаро турнир ҳам ўтказилади. Шунингдек, Самарқанд ва Хива шаҳарларида ҳам халқаро даражадаги мусобақалар ўтказилиши режалаштирилган. Ҳар йили анъанавий тарзда туман/шаҳар раҳбарлари, вилоят раҳбарларининг кубогини ўтказиш орқали шахматчилар захираси шакллантирилади.

Шахмат бўйича мусобақалар ғолиблари пул мукофоти олади

Ҳар йили имконияти чекланган шахматчилар орасида Ўзбекистон биринчилиги учун алоҳида мусобақалар ташкил этилади, бу спортчиларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилади.

Шахмат бўйича республика ҳамда халқаро мусобақалар ва олимпиадалар ғолиблари, халқаро гроссмейстер, халқаро тоифадаги спорт устаси, халқаро унвонларга эга бўлган мураббий [ёки ҳакам] унвонини қўлга киритган шахматчилар пул мукофоти билан тақдирланади.

Истеъдодли шахматчилар Халқаро шахмат академиясига тавсия қилинади

Маҳалла болалари ўртасида ҳар йили ёзги таътил кунларида «Маҳалла кубоги» республика мусобақаси ташкил этилади. Унда яхши натижа кўрсатган шахматчиларни келажакда имкониятларини ривожлантириш учун Халқаро шахмат академиясига тавсия қилиш тизими йўлга қўйилади.

Оилаларнинг жамоавий тарзда иштирок этишини кўзда тутувчи «Шахматчи оила» турнирлари маҳаллалар доирасида ташкил этилади. Бундан ташқари, шахматга бўлган иштиёқни визуал муҳит орқали кучайтириш ҳам режалаштирилган. Бунинг учун хиёбонлар ва сайлгоҳлар ҳудудларида катта шахмат майдончаларини барпо этиш, шахмат доналарини турли анимацион қаҳрамонлар кўринишида тасвирлаш таклифлари илгари сурилмоқда.

Мавзуга оид