Спорт | 14:46 / 18.01.2021
22188
2 дақиқада ўқилади

Ҳабиб Нурмагомедов UFC’га қандай шартда қайтиши мумкинлиги маълум бўлди

Ҳабиб Нурмагомедов 23 январдан 24 январга ўтар кечаси UFC 257 доирасида бўлиб ўтадиган Конор Макгрегор ва Дастин Поре ўртасидаги жангдан сўнг UFC’га қайтиши мумкин.

Фото: Getty Images /Josh Hedges

2020 йил 24 октябрда Ҳабиб Нурмагомедов фаолиятини якунлагани тўғрисида эълон қилди. 83 кундан сўнг, 2021 йил 16 январда UFC президенти Дэйна Уайт Ҳабиб қайтиши мумкинлигини билдирди

UFC президенти Дэйна Уайт ва UFC чемпиони Ҳабиб Нурмагомедов 15 январ куни Абу-Дабидаги жангчилар оролида учрашди ҳамда Ҳабиб ва президентнинг музокаралар хонасига кириб кетаётгани акс этган ўн сонияли видео UFC’да бу йилги биринчи қизиқарли видеога айланди, деб ёзмоқда sports.ru. 

Уайт ва Ҳабиб россиялик жангчининг фаолиятини давом эттириш масаласини муҳокама қилди. 

Эслатиб ўтамиз, Нурмагомедов UFC 254 турнирида Жастин Гейжига қарши жангдан сўнг фаолиятини тугатиши ҳақида эълон қилди, аммо Уайт чемпионлик унвонини вақтинча унда қолдирди.

Бир кун ўтгач, Уайт ёпиқ эшиклар ортида нима ҳақида гаплашишганини айтиб берди: 

«Биз Ҳабиб билан унинг ўзига келиб олиши учун вақт бериш тўғрисида келишиб олдик. Ҳабиб хоҳлаган ҳамма нарсага эришганини ҳис қилмоқда. Унда қайтишга мотивация йўқ. Кейинги ҳафта биз иккита яхши жангни кўрамиз: Конор Макгрегор – Дастин Поре ва Майкл Чандлер - Дэн Хукер. Ҳабиб агар бу йигитлар ғайриоддий нарсани намойиш қилса, унда қайтиш ҳақида ўйлаб кўришини айтди», - деди Уайт. 

Агар Ҳабиб UFC’га қайтишга қарор қилса, унда унинг навбатдаги рақиби катта эҳтимол билан Макгрегор - Поре жангининг ғолиби бўлади. 

Мавзуга оид