Ургутдаги совуқ ва сифатсиз намунавий уйлар: ҳокимнинг пўписаси ва антитеррор ташрифи
Янги қурилган намунавий уйлар табиий газга мослашгану, аммо тармоққа уланмаган ҳолатлар ягона эмас. Одатда уй қозонхонаси табиий газга мослашган бўлса, бошқа ёқилғи тури билан иситиш ҳам амримаҳол.
Ургутнинг Мерганча маҳалласида 2018 йил фойдаланишга топширилган намунавий уйларда ҳам худди шундай ҳолат. Уйларнинг лойиҳасида иситиш тизими табиий газ билан эканлиги кўрсатилган, газга мослашган қозонхоналар қурилган, ошхоналарга ҳам газ билан ишлайдиган жиҳозлар ўрнатилган. Фақат бу уйлар табиий газга уланмай қолиб кетган.
Кейинги йиллар аксарият ҳудудларда, айниқса қиш фаслида иссиқлик таъминоти муаммо бўлиб тургани учун одамлар айнан табиий газга мослашган, деб кўрсатилган бу уйларни 340 миллион сўмдан тўлаб сотиб олишган.
Энди эса...
«Уй лойиҳада кўрсатилганидек, газга мослашган, иситиш тизими ўрнатилган ва бу, табиийки, уй нархида ҳам акс этган. Яъни, биз бунинг учун пул тўлаганмиз. Қолаверса, қаттиқ ёқилғи учун жой назарда тутилмаган ҳам.
Биз бу масалада президент виртуал қабулхонасига мурожаат қилганимизда тумангаз идораси вакиллари буюртмачи «Қишлоқ қурилиш инвест» инжиниринг компанияси намунали уйларни газга улаш учун маблағ ўтказмаганини айтишди.
Модомики, уйлар табиий газга уланмас экан, мутасаддилар нега шу вақтгача уй нархига «минган» газ тармоқлари харажатларини қайта ҳисоб-китоб қилишмайди?» дейди намунавий уйларда яшовчилар.
Қозонхоналар ишламагач, яшовчилар уйлардан мўри чиқариб ўтин ва кўмир печкалар ўрнатиб олишган. Яна бир муаммо шуки, уйлардаги ҳаво айланиш тизими ҳам номигагина қурилган. Бу эса кўмир ёқиладиган уйларда яна ис газидан заҳарланиш хавфини юзага келтиради.
Маҳалла аҳли бир неча марта тегишли идораларга, туман прокуратурасига ҳам мурожаат қилган, бироқ муаммога ечим топилмаган. Ҳолбуки, бу намунавий уйлар ёнгинасида табиий газ тармоғи бор.
Гарчи аҳоли кўрсатган лойиҳа нусхасида газлаштириш назарда тутилган, иситиш тизими табиий газ билан экани ёзиб қўйилган, газ тармоқлари ҳам қурилган бўлса-да, туман ҳокимлиги вакиллари бу уйларни газлаштириш бошидан кўзда тутилмаганини маълум қилди.
Хўп, уйларни табиий газ билан иситиш кўзда тутилмаган, аҳоли қўлидаги лойиҳа ҳам ёлғон бўлса, ростдан ҳам, нега уйларга газ тармоқлари тортиб кирилган?
Нега газ плиталари ўрнатилган? Нима сабабдан газга мослашган қозонхоналар қурилган? Табиий газга уланиш режалаштирилмаган бўлса нега ортиқча харажатга йўл қўйилган? Халқнинг пули нега талон-торож қилинган? Қолаверса фуқаролар бизга тақдим этган уйнинг қурилиш лойиҳасида газлаштириш кўзда тутилгани ёзиб қўйилган. Ҳатто хонадон соҳибларига газ ҳисоблагич ҳам тарқатилган.
Ҳокимликдан ана шу саволларга аниқ жавоб ололмадик. Фақат шу йил ёзда бу маҳалладаги намунавий уйлар табиий газга улаб берилиши маълум қилинди...
Энди уйларнинг сифати ҳақида
Намунавий уйларнинг қай бирига кирманг биринчи навбатда ўпирилиб тушган деворларга дуч келасиз. Деворлар ёрилган, канализация тизими сифатсиз, кўп уйларнинг пол, том қисмлари ҳам аллақачон таъмирталаб бўлиб қолган.
Уйларнинг ҳаммом қисмида ҳам вентиляция тизими бўлмагани учун намиқиб, деворлар моғорлаб кетган. Ошхонага газ плиталари ўрнатилган, аммо ис газини тортишга мўлжалланган ускуналар қувурларининг ўлчами талабга жавоб бермайди. Хуллас... ҳали қурилганига икки йил бўлган уйларнинг аҳволини кўриб, уни қурувчи ва мутахассислар қурганига ишонгингиз келмайди.
Хуллас, янги қурилган бўлса-да намунавий уйларда муаммо кўп. Айни вақтда энг асосийси иссиқлик.
Бу уйларда яшовчи бир гуруҳ фуқаролар ҳоким қабулига кириб, табиий газга уланишга ёрдам сўраган аммо муаммо кейинчалик ҳал этилиши маълум қилинган. Одамлар эса айни вақтда совуқдан азоб чекмоқда ва шунинг учун улар ҳокимнинг жавобидан қониқмаган.
Шундан сўнг айрим фуқаролар таҳририятга мурожаат қилиб, ҳокимдан «тили узунлиги» учун дакки олгани ва ҳоким мурожаатчига «керак бўлса, икки минутда кимлигини аниқлаб олиши», ҳақда пўписа қилганидан хавотирда эканини билдирди.
«Ҳоким билан суҳбатимиз совуқ кечгач, эртаси куниёқ уйимизга ички ишларнинг терроризмга қарши кураш бўлимидан вакил келиб бизни қанақадир рўйхатга олиб кетгани яна ҳам хавотиримизни оширди», демоқда, ҳоким қабулига бориб иссиқлик талаб қилган фуқаролар.
Туман ҳокими Ботир Жабборов ички ишлар ходимларининг фуқаролар уйига боришига ҳеч қандай алоқаси йўқлигини айтмоқда. Вилоят ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати эса чегара туманларда ИИО ФМБнинг барча бўлим ходимлари вақти-вақти билан фуқаролар уйларига бориб суҳбат уюштириши табиий ҳолат эканини маълум қилди.
Хўш, фуқароларни хавотирга солган ҳоким билан суҳбат қай тарзда кечганди?
Kun.uz таҳририяти ихтиёрига келиб тушган ана шу суҳбат аудиосида фуқароларнинг «ҳадеб» бу муаммо юзасидан ҳоким қабулига келавериши раҳбарга малол келгани суҳбат бошидаёқ маълум бўлади. Ҳоким фуқароларга туманда электр, газ билан боғлиқ вазият, қилинадиган ишларни батафсил тушунтириш билан бирга унга савол берган мурожаатчига тоқат қилолмагани, «кимлардан» эканига қизиққани ва «керак бўлса икки дақиқада кимлигини аниқлаши»ни ҳам қистириб ўтади. Савол берган фуқарога «ўчир овозингни» қабилида муомала қилинади. Ва суҳбат охирида яна «юмшаб» сабр қилиш лозимлиги, ҳаммаси аста-секин бўлиши айтилади.
Мазкур суҳбатдан кейин фуқароларнинг уйига ички ишлар идораси терроризмга қарши кураш бўлими вакиллари боргани мурожаатчиларни ваҳимага солган.
Хуллас, афтидан, Ургутдаги намунавий уйларда иссиқлик таъминоти бир муаммо бўлса, уни айта олиш, мурожаат қилиш иккинчи муаммога айланяпти. Нима бўлганда ҳам ҳокимлик иситиш тизимини келгуси ёзда ҳал этиш ниятида. Энди афтидан, маҳалладагилар бир амаллаб ўша кунларга етиб олса бўлгани.
Анвар Мустафоқулов, Kun.uz мухбири,
Фахриддин Ҳотамов, тасвирчи.
Мавзуга оид
10:20 / 30.10.2024
Зангиотада газдан ноқонуний фойдаланган шахслар ушланди
15:54 / 29.10.2024
Тошкент туманидаги қарийб 43 минг хонадонда номаълум муддатга газ ўчирилади
16:23 / 28.10.2024
Туркманистон Россияга газ етказиб беришни тўхтатди
09:39 / 24.10.2024