Ўзбекистон | 20:17 / 21.01.2021
11964
2 дақиқада ўқилади

Энергетика вазирлиги тизимдаги корхоналарга ҳаво совишига тайёрланиш бўйича кўрсатма берди

21–23 январ кунлари Ўзбекистон ҳудудига ғарбий Қозоғистон орқали Россиядан совуқ ва нам ҳаво кириб келиши кутилмоқда. Энергетика вазири ўринбосари Беҳзод Норматов шу муносабат билан тизимдаги компанияларга факсограмма юборди.

Ўзгидромет маълумотига кўра, 21–22 январ кунлари шамол тезлиги 25–28 м/с.гача кучайиши, ҳаво ҳарорати 8–10 даражагача пасайиши мумкин.

«Шу муносабат билан тизимдаги барча корхоналарда саноат хавфсизлиги ишлари кучайтирилсин, технологик режимларга риоя қилиниши ва истеъмолчиларга барқарор энергия етказиб бериш бўйича тегишли чоралар кўрилсин», – дейилади вазир ўринбосарининг 20 январь кунги хатида.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ йўлларда яхмалак бўлиши мумкинлиги маълум қилинганди. Синоптикларга кўра, 22–23 январда ўртача кеча-кундузлик ҳаво ҳарорати меъёрдан 8–10 даражага паст бўлади.

Ўзбекистонда бу йилги қиш нисбатан эртароқ бошланди, ноябрь ойининг иккинчи ярмидаёқ ҳаво кескин совиб, куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўнгилдагидек бўлмагани аён бўлди.

Декабрь ойи охири – январь ойи бошларида Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати кўп йиллик меъёрлардан сезиларли даражада паст бўлди. Қаҳратон совуқ кунлари қатор энерготизимларда авариялар кузатилди, оқибатда кўплаб туманлар ёппасига электрдан узилди, аксар ҳудудларда истеъмолчилар одатдагидан кўпроқ вақт электр энергиясисиз қолди, бу орада аҳоли хонадонларида бир неча марта газ портлашлари рўй берди.

Куни кеча энергетика вазири Алишер Султонов об-ҳаво яна совуқлашиши бўйича прогноздан хабардор экани ва тегишли чоралар кўрилаётганини маълум қилиб, истеъмолчилардан энерготежамкорликка эътибор қаратишни сўради.

Мавзуга оид