Жамият | 15:46 / 23.01.2021
13152
2 дақиқада ўқилади

«Олой» бозоридаги тилла дўконини ўмарган шахслар Деновдан ушлаб келинди

Фото: Тергов департаменти

2021 йилнинг 17 январь куни соат 19:00дан 18 январь куни соат 08:00га қадар бўлган вақт оралиғида номаълум шахслар Тошкент шаҳрининг Юнусобод тумани Амир Темур кўчаси 40-уйда жойлашган заргарлик дўкони кириш эшиги ойнасини синдириб, дўкон ичига ғайриқонуний равишда кирган.

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, улар дўкон раҳбари 27 ёшли С.Ш.га тегишли қиймати жами 50 000 000 сўмлик кумуш ва сариқ металлдан ишланган турли заргарлик буюмларини олиб, ҳодиса жойидан яширинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Юнусобод тумани ИИО ФМБ ТБ томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми “б, в, г” бандлари (ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Тезкор суриштирув ишлари давомида ҳамда ҳодиса жойида ўрнатилган кузатув камераларининг таҳлили олиб борилганда, юқорида кўрсатилган жиноятни сурхондарёлик 21 ёшли Н.Ш. ва 25 ёшли А.Н. содир этганлиги аниқланган.

Жиноят иши доирасида 21 ёшли Н.Ш. ва 25 ёшли А.Н.дан  кумуш ва сариқ металлдан ишланган турли  заргарлик буюмлари ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.

Ҳозирда фуқаро Н.Ш. ва А.Н. гумон қилинувчи тариқасида жиноят ишида иштирок этишга жалб қилиниб, процессуал тартибда ушланган.

Жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда, дейилади маълумотда.

Мавзуга оид