Ўзбекистон | 19:43 / 25.01.2021
17204
4 дақиқада ўқилади

Ижтимоий ҳимоя олиш учун чеклов олиб ташланган – Пенсия жамғармаси

Оила аъзоларига тўғри келадиган даромадлар ҳар бир киши учун ойига 358 минг сўмдан кам бўлган ёки ҳудудий бандлик ва меҳнат муносабатлари бўлимларида ишсиз сифатида рўйхатда турган шахсларга Ижтимоий ҳимоя ягона реестри орқали ижтимоий ёрдам электрон шаклда кўрсатилади.

Жорий йилда аҳолига кўрсатиладиган ижтимоий ёрдам ҳақида Пенсия жамғармаси ижро аппарати бўлим бошлиғи Абдурашид Исмоилов маълумот берди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Мутахассиснинг таъкидлашича, Ижтимоий ҳимоя ягона реестри амалиётга жорий қилинган бўлиб, кам таъминланган ва 2 ёшгача фарзанди бор оилаларга, шунингдек ,14 ёшгача фарзанди бор ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тақдим этади.

«Бу тизимнинг олдинги ижтимоий хизматлардан асосий фарқи – инсон омили жуда ҳам кам. Фуқаронинг тегишли ҳужжатлари дастурга киритилгандан кейин, ушбу шахснинг бир ойда қанча даромад топиши, кўчмас мулки, тўлайдиган солиқлари, меҳнат фаолияти каби бошқа маълумотларни дастурга тегишли вазирликлар ва идоралардан топиб, автоматик солиштиришни амалга оширади ва фуқарога мумкин бўлса ижтимоий ёрдам автоматик тарзда белгиланади», – деди мутахассис.

Бунда асосий жиҳат оила аъзоларига тўғри келадиган даромадлар ҳар бир кишига ойига 358 минг сўмдан кам бўлган ёки ҳудудий бандлик ва меҳнат муносабатлари бўлимларида ишсиз сифатида рўйхатда турган ҳолатларда фуқароларга ижтимоий нафақа тайинланиши маълум қилинди.

Мутахассиснинг ахборотига кўра, фуқаро ижтимоий ёрдам олишни хоҳласа ўзининг маҳалласига мурожаат қилиб, (туман ёки шаҳар марказидаги пенсия жамғармаси ҳудудий бўлимларига бориш талаб этилмайди) ариза, шахсини тасдиқловчи ҳужжат, никоҳ гувоҳномаси ва фарзандлар туғилганлиги ҳақида гувоҳнома нусхаларини тақдим этади (аввал МФЙ фуқародан ойлик даромадлари, кўчмас мулклари, автомобил бор ёки йўқлиги ва бошқа кўп ҳужжатларни талаб этган).

Бунда МФЙ  раислари 2 иш кунидан кечиктирмаган ҳолда пенсия жамғармасига ҳужжатларни етказади. Пенсия жамғармаси аризани Ижтимоий ҳимоя ягона реестрига киритгандан кейин, 10 кун муддат ичида ариза кўриб чиқилиб, аризачининг телефон номерига натижаси СМС хабарнома шаклида маълум қилинади. Агар фуқаро нима учун аризаси рад этилганлиги ҳақида маълумотларни билишни истаса, 1140 рақамига ёки ҳудудий бўлимлар телефон рақамларига телефон қилиб маълумот олиши мумкин.

Шунингдек, жорий йилдан бошлаб чет элда ишлаб юрган фуқароларнинг даромади ҳақидаги маълумотлар ҳам банкларда фуқаронинг ҳисобига тушган маблағларга қараб аниқланиши ва ҳақиқатан ҳам моддий ёрдамга муҳтож бўлганда ижтимоий нафақа берилиши йўлга қўйилиши кўзда тутилган.

«Олдинлари 10 киши ариза берса, қолган 5 киши кутиб турган, чекловлар кўп бўлган. Жорий йилдан маҳаллада 1000 киши бўлса, уларнинг ҳаммаси ариза топшириши мумкин, лозим топилганларнинг ҳаммасига моддий ёрдам кўрсатилади», – деди Абдурашид Исмоилов.

Мутахассиснинг таъкидлашича, бу тизим Сирдарё вилоятида 2019 йилнинг 1 октябридан 2020 йилнинг 1 октябригача амалиётдан ўтказилган.

Маълумот учун, агар МФЙ томонидан фуқаронинг аризаси қабул қилинмаган тақдирда 1140 ишонч телефонларига мурожаат қилиши мумкин.

Президент мурожаатномасида 2021 йилдан тўлиқ ишга тушадиган «Ижтимоий реестр»да «темир дафтар»даги барча маълумотлар қамраб олиниб, эҳтиёжманд оилаларга 30дан зиёд ижтимоий хизматлар электрон шаклда кўрсатилиши таъкидланганди.

2020 йилда пенсия ва нафақа олувчилар сони 333 минг кишига ошганлиги ва 2019 йилнинг мос даврига нисбатан 4 фоизга кўпайганлиги маълум қилинганди.

Аввалроқ, 14 ёшгача бола пули бериш қандай ҳолларда рад этилиши ҳақида маълумот берилганди.

Мавзуга оид