Иқтисодиёт | 18:42 / 25.01.2021
14152
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда иқтисодий ривожланиш кўрсаткичлари энг баланд ва қуйи бўлган ҳудуд қайси?

2020 йилнинг январ-декабр ойларида иқтисодий ривожланиш кўрсаткичи энг баланд ҳудуд сифатида Навоий вилояти, иқтисодий ўсиш кўрсаткичлари энг паст ҳудуд сифатида Сирдарё вилояти қайд этилган.

Фото: Shutterstock

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти 2020 йилнинг январ-декабр ойларидаги ҳудудларнинг иқтисодий ривожланиш кўрсаткичлари ҳақида маълумот берди.

Институт таҳлилига кўра, 2020 йилда республика ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ)нинг ўсиш суръати 1,6 фоизни ташкил қилган.

Ўтган йилда иқтисодий ривожланиш кўрсаткичи энг баланд ҳудуд сифатида Навоий вилояти (7,1 фоиз) қайд этилган. Кейинги поғоналарни Наманган (4,8 фоиз), Сурхондарё (4,4 фоиз), Фарғона (3 фоиз) вилоятлари эгаллаган.

Мос равишда иқтисодий ўсиш кўрсаткичлари республика кўрсаткичидан паст ҳудудлар сифатида Жиззах вилояти (1,6 фоиз), Тошкент шаҳри (1,5 фоиз) ва Сирдарё вилояти (0,1 фоиз) қайд этилган.

Шу ўринда республика умумий ЯИМда энг юқори улушга эга бўлган ҳудудлар Тошкент шаҳри (15,3 фоиз), Тошкент (10,8 фоиз) ва Навоий (8,4 фоиз) вилоятлари эканлиги маълум қилинди.

Мос равишда республика ЯИМда паст улушга эга бўлган ҳудудлар сифатида Хоразм (3,6 фоиз), Жиззах (3 фоиз), Сирдарё (2,1 фоиз) вилоятлари қайд этилган.

Бундан ташқари, ЯИМнинг 36,3 фоизини хизмат кўрсатиш, 35,5 фоизини саноат ва қурилиш, 28,2 фоизини қишлоқ хўжалиги ташкил қилган.

Маълумот учун, 2020 йилнинг январ-декабр ойларида кичик бизнеснинг ЯИМдаги улуши 53,9 фоизни эгаллаган.

Аввалроқ,2020 йилнинг январ-декабр ойлари якунлари бўйича республиканинг ташқи савдо айланмаси 13,1 фоизга камайганлиги маълум қилинганди.

Мавзуга оид