Антимонополия қўмитаси Хоразмдаги машиналар техник кўриги масаласини ўрганмоқда
Хоразм вилоятида автомобилларни техник кўрикдан ўтказиш ваколати тадбиркорларга ўтказилганидан сўнг, нархлар қарийб 3 баробар ошгани ҳақидаги мақоладан сўнг, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳолатни ўрганишни бошлади.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси Хоразм вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Умидбек Қаландаров автомобилларни техник кўрикдан ўтказиш масаласида ўрганиш бошланганини маълум қилди.
«Техник кўрикнинг фақат бир корхона томонидан ўтказилиши рақобат тўғрисидаги қонун талабларига зид ҳисобланади. Биз бу ҳолатни ўрганишни бошладик. Техник кўрикни хусусий тадбиркорларга ўтказиш ҳақидаги ҳукумат қарори халқ муҳокамасига қўйилмаган», – деди у.
Жорий йил 1 январдан Хоразмда транспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш тадбиркорлик субъектларига топширилгани ортидан биринчи навбатда техник кўрикдан ўтиш нархи кескин ошди. Мисол учун, қонунчиликда ДЙҲХХ (Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати) органлари томонидан техник кўрик хизмати учун олинадиган қиймат 22,3 минг сўм қилиб белгиланган. Хоразм вилоятидаги тадбиркорлик субъектлари эса техник кўрикдан ўтказиш қийматини 60-65 минг сўм миқдорида белгилаган, яъни нарх қарийб 3 баробар ошди.
Аммо, техник кўрикдан ўтказиш фақат тадбиркорлик субъектларига юклатилмаган. Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 31 январдаги 54-сонли қарори билан қабул қилинган «Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом»нинг 2-бандида ҳайдовчилар техник кўрикдан 3та жойда ўтиши мумкинлиги белгиланган.
«Бунда жисмоний шахслар — М1 тоифадаги (енгил) транспорт воситалари эгалари ўз транспорт воситасининг техник ҳолати ва ускуналари мувофиқлигини баҳолаш учун ўз танловига кўра, ДЙҲХХ органлари, ТХС (техник хизмат кўрсатиш станциялари) ёки (тадбиркорлик) субъектларга мурожаат қилишлари мумкин» экани белгиланган (қавс ичидаги изоҳлар Kun.uz’ники).
Ҳозирги вақтда Урганч шаҳри ва Урганч туманида истиқомат қилувчи ҳайдовчиларнинг транспорт воситалари «AVTO TRANS SER» МЧЖ томонидан техник кўрикдан ўтказилмоқда. Бу корхона Урганч шаҳри ва Урганч тумани ЙҲХБ биносига туташ ҳудудда жойлашган ҳамда М1 тоифадаги енгил автомобилларни техник кўрикдан ўтказиш нархини 65 минг сўм этиб белгилаган.
Интернетдаги очиқ манбаларга кўра, «AVTO TRANS SER» МЧЖ таъсисчилари рўйхатидан ўрин олган Шерлиев Адилбек Атабекович ИИВ ЙҲХХБнинг Имтиҳон ва рўйхатга олиш бўлими бошлиғи лавозимида ишловчи подполковник Шерлиев Муродбек Атабековичнинг яқин қариндоши, яъни туғишган акаси ҳисобланади.
ЙҲХБ органлари нима учун техник кўрикдан ўтказишни тўхтатиб қўйгани, қонун бўйича уларда ҳам бундай ҳуқуқ борлиги, бу ҳайдовчилар учун анча арзон ва қулай бўлиши ҳақидаги саволларга Хоразм вилояти ЙҲХБ мансабдор шахслари жавоб бермаган.
Мавзуга оид
17:18 / 14.11.2024
Электромобил бозорини қисиш учун охирги бир йилда нималар қилинди?
20:33 / 13.11.2024
«Ўзбекистон темирйўллари» 1 декабрдан юк ташиш тарифларининг вагон қисмини 30 фоизга оширади
08:08 / 07.11.2024
Монополияга қарши орган розилигисиз давлат иштирокидаги корхона ташкил этилган 4 та ҳолат аниқланди
14:06 / 26.10.2024