Жаҳон | 21:15 / 27.01.2021
14464
2 дақиқада ўқилади

Россия ИИВ муҳожирларга «запрет» қўйилишининг сабабини тушунтирди

Фото: ТАСС

Россия Ички ишлар вазирлиги нега меҳнат муҳожирларига мамлакатга кириш учун чеклов (запрет) қўйилишини изоҳлади. Вазирлик бу борадаги ТАСС ахборот агентлигининг сўровига жавоб берган.

«Бошқа мамлакат фуқароларига Россияга киришига чеклов қўйилишининг асосий сабаби – рухсат этилган яшаш муддатига риоя қилмаслик. Кўпчилик рухсатнома муддати тугагач, уни узайтирмай ишлайверади. Шунингдек, ноқонуний меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ҳам Россияга киришга чеклов қўйилишига сабаб бўлади», дейилган вазирлик хабарида.

Маълум бўлишича, «запрет» олаётганларнинг аксари Россияга фуқаролари визасиз кириш ҳуқуқига эга бўлган яқин атрофдаги мамлакатлар (аксар ҳолларда МДҲ давлатлари) фуқаролари. Россия ИИВ ахборотига кўра, 2020 йил 189 минг хорижий фуқаролар Россияга киришга чеклов олган. Бир йил олдин эса 250 мингдан ортиқ хорижлик Россияга киришда «запрет»га тушган.

2020 йилнинг 11 ойи давомида муҳожирлар ишлаш рухсатномаси – патент тўлови орқали Россия ғазнасига 43,5 миллиард рубль (5,8 миллиард доллар) фойда келтирган.

Мавзуга оид