Иқтисодиёт | 18:05 / 27.01.2021
7653
2 дақиқада ўқилади

Сардоба фожиасига қарамай, Сирдарё вилояти иқтисодий ўсишга эришган

2020 йил январ-декабр ойларида пандемия ва Сардоба сув омбори ўпирилиши натижасида талафот етганлигига қарамасдан, Сирдарё вилоятининг ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичларида ижобий ўсиш суръатлари таъминланди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Сирдарё вилоятида ўтган йили ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 12 триллион 186,4 миллиард сўмни ташкил этиб, аҳоли жон бошига ЯҲМ ҳажми 14 миллион 274,7 минг сўмни ташкил этди. ЯҲМ ҳажмида кичик бизнеснинг улуши 69,2 фоизга таъминланди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Шу билан бир қаторда, 2020 йилнинг 12 ойи мобайнида вилоятда 310,1 миллион АҚШ доллари миқдоридаги хорижий инвестициялар ўзлаштирилиб, 2019 йил январ-декабр ойларига нисбатан 7,6 фоиз ўсишга эришилган.

Шунга қарамай, ўтган йилда иқтисодий ривожланиш кўрсаткичи энг қуйида бўлган вилоят сифатида Сирдарё (0,1 фоиз) қайд этилган. Ушбу рўйхатда кўрсаткичи энг баланд ҳудуд сифатида Навоий вилояти (7,1 фоиз) кўрсатилган

Республика умумий ЯИМда энг юқори улушга эга бўлган ҳудудлар бўйича Тошкент шаҳри (15,3 фоиз) пешқадам бўлса, Сирдарё улуши (2,1 фоиз) энг паст ҳудудлардан бири ҳисобланади.

2020 йилнинг биринчи ярим йиллигида ЯИМ ўсиш суръатига ҳудудларнинг таъсири бўйича эътибор қаратилса, Сирдарё вилоятида пасайиш (- 3,1 фоиз) кузатилганди. Бу бевосита пандемия ва Сардобадаги фожиа билан изоҳланади. Вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев бежиз «Сирдарё вилояти тарихи энди Сардоба тошқинигача ва ундан кейинги даврга бўлинади», дея таъкидламаган.

Қурилиш вазирлигининг маълум қилишича, 2020 йил 3 июн ҳолатига кўра, 4435та хонадон талафот кўрган бўлиб, шулардан 2390таси яроқсиз, 2045таси таъмирталаб ҳолатдалиги аниқланган. Сардоба сув омборидаги фожиа натижасида Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларидан эвакуация қилинган 89,450 нафар аҳолининг 67,901 нафари – 75,9 фоизи фожиадан бир ой ўтиб яшаш манзилига қайтарилди.

Маълумот учун, 2020 йил 1 май куни соат 05:55да Сирдарё вилоятида жойлашган Сардоба сув омбори дамбасининг 6-пикет деворида сув чиқиши юзага келди. Натижада Сардоба тумани Қўрғонтепа аҳоли яшаш пунктига сув кирган эди.

Мавзуга оид