Спорт | 15:20 / 30.01.2021
15419
3 дақиқада ўқилади

Шахмат федерациясига янги раис сайланди

 Бугун, 30 январ куни, Ўзбекистон шахмат федерациясида навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси ташкил этилди.

Конференцияда ташкилий масала кўрилди. Ташкилотга янги раис сайланди.

Kun.uz ахборот манбаси хабарига кўра, бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов Ўзбекистон шахмат федерациясининг янги раиси этиб сайланди.

Эслатиб ўтамиз, бунгача федерация раиси лавозимини президент ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги директори Дмитрий Ли эгаллаб келаётганди.

Азиз Абдуҳакимов

14 январ куни «Шахматни янада ривожлантириш ва оммавийлаштириш ҳамда шахматчиларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори эълон қилинганди.

Қарор ижроси учун масъул ҳисобланган бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов шахматни ривожлантириш бўйича мазкур президент қарори асосида амалга ошириладиган ишлар хусусида Kun.uz'га маълумот берди.

Президент қарорида шахматни 2025 йилгача ривожлантириш бўйича аниқ вазифалар белгиланган. Агар бу вазифалар амалга оширилса, мамлакатда шахмат билан боғлиқ вазият мутлақо янгича тус олади.

Аввалроқ, «Шахмат ойлиги» мусобақасининг финал босқичини Азиз Абдуҳакимов очиб берганди.

Самарқанд олимпия захиралари коллежида «Спортни сев, спорт билан яша!» шиори остида январ ойида ўтказилган шахмат ойлиги мусобақасининг финал босқичи бўлиб ўтди.

Тадбирда ёш иқтидорли шахматчилар сафини кенгайтириш орқали профессионал шахматчилар ва халқаро гроссмейстерлар этиб тайёрлаш бугунги куннинг муҳим вазифаси эканлигиги алоҳида қайд этилди.
 
Бундан олдин, гроссмейстер Гулрухбегим Тоҳиржонова АҚШ номидан дона суриши, Нафиса Мўминова ва Ҳулкар Тоҳиржонова терма жамоадан чиқарилгани хабар берилганди.

Ўзбекистон шахмат федерацияси бу хабар ортидан билдирилган қатор танқидларга ўз муносабатини билдирди. Баёнотда ОАВда эълон қилинган мақолалар бир томонлама ёритилгани айтилган. Шунингдек, унда терма жамоадан чиқиб кетиш фикри спортчининг ўзига тегишли экани ва бунда бошқаларни айбдор қилиш мумкин эмаслиги таъкидланган.

Федерация муносабати шахматчиларда яна қатор эътирозларни уйғотди. Опа-сингилларнинг ўртанчаси Ҳулкар Тоҳиржонова Kun.uz билан суҳбатда федерация баёнотидаги фикрларга жавоб қайтарди.

Федерация Гулрухбегим Тоҳиржонованинг терма жамоа сафидан чиқарилишини унинг 2019 йилда АҚШга ўқишга кетгани билан изоҳлаганди. Опаси эса ўқишга кетиш спортчини терма жамоадан четлатиш учун сабаб бўлолмаслигини айтиб ўтди.

Мавзуга оид