Ўзбекистон | 16:46 / 05.02.2021
29918
3 дақиқада ўқилади

Зайниддин Низомхўжаев Марказий сайлов комиссиясига раис бўлди

Марказий сайлов комиссияси йиғилишида Зайниддин Низомхўжаев Марказий сайлов комиссияси раиси этиб сайланди. Баҳром Қўчқаров эса унга ўринбосар бўлади.

Сенат раиси ўринбосари Зайниддин Маҳаматович Низомхўжаев Марказий сайлов комиссиясининг бугун, 5 февраль куни бўлиб ўтган йиғилишида МСК раиси этиб сайланган. Комиссия матбуот котиби Ҳасан Абдураҳмонов Kun.uz’га бу маълумотни тасдиқлади.

3 февраль куни комиссия таркиби янгиланган, унга 16 йил раислик қилган Мирзо-Улуғбек Абдусаломовнинг ваколати тугатилганди. Ўша куни Қонунчилик палатасидаги мажлисда Марказий сайлов комиссиясининг 7 нафар аъзоси ваколатлари тугатилган, шунингдек, 8 нафар янги аъзолар номзоди маъқуллаганди.

Сенатнинг 5 февраль куни бўлиб ўтган ўн иккинчи ялпи мажлисида парламент қуйи палатаси томонидан маъқулланган номзодлар Марказий сайлов комиссияси аъозилигига тасдиқланган эди. Ҳасан Абдураҳмоновнинг маълум қилишича, комиссиянинг ички йиғилишида Зайниддин Низомхўжаев МСКнинг янги раиси, Баҳром Қўчқоров унинг ўринбосари этиб сайланган.

Зайниддин Низомхўжаев 1954 йилда Тошкент вилоятида туғилган. Маълумоти олий, шифокор. «Ўзбекистон Қаҳрамони» фахрий унвони соҳиби. У аввалги чақириқ Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасини бошқарган эди, 2019 йилги сайловлардан кейин 2020 йил январида Сенат раиси ўринбосари этиб сайланганди.

Баҳром Қўчқоров эса 1972 йилда Наманган шаҳрида туғилган. Маълумоти олий, ҳуқуқшунос, иқтисодчи. 2017 йилда президент маслаҳатчиси биринчи ўринбосари, 2017−2020 йилларда Давлат экология қўмитаси раиси сифатида ишлаган. Шу кунга қадар Адлия вазири ўринбосари сифатида ишлаб келаётганди.

Бундан олдинроқ МСКнинг собиқ раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломов Конституциявий суд судяси этиб сайлангани хабар қилинганди. МСК раисининг собиқ ўринбосари Маҳмуд Истамов эса Бухоро вилоятининг прокурори лавозимига тайинланган.

  • Январ ойи охирида Қонунчилик палатаси Конституция ва Сайлов кодексига тегишли ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қонунни қабул қилди. Ўзгаришлардан бири сайлов санасини декабрдан октябрга кўчиришни кўзда тутади. Сенат ҳам ушбу қонун лойиҳасини маъқуллаб, президент имзоласа, 2021 йилги президентлик сайловлари 24 октябр куни бўлиб ўтади.

Мавзуга оид