Ўзбекистон | 11:14 / 08.02.2021
14107
10 дақиқада ўқилади

Навоий – музей экспонати эмас, у биз билан яшаши керак

Алишер Навоий – ноёб истеъдод соҳиби, маърифатпарвар олим ва давлат арбоби. Заҳириддин Бобур таърифи билан айтганда «туркий тилда кўп ва хўб ёзган» шоир яратган асарларининг нафақат миқдори, балки маъно-мазмунининг чуқурлиги билан ҳам шарқ мумтоз адабиётида катта ўрин тутади.

Kun.uz таваллудининг 580 йиллиги нишонланаётган ҳазрат Навоий ижоди, асарлари замирига сингдирилган умуминсоний ғоялар, уларнинг бугунги кундаги аҳамияти, ҳазратнинг эътиқодий қараш ва маслаклари ҳақида навоийшуносларни суҳбатга тортди.

Навоийни дунёга танитишдан аввал уни ўзимиз билиб олайлик

Акром Маликов, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети магистранти, навоийшунос

— Ҳар йили анъанага мувофиқ ҳазрат Алишер Навоийнинг ижодини ўрганиш, асарларининг тарғиботи одатда 9 феврал арафасида бошланади. Агар шу тарғибот йил давомида олиб борилса эди, «Ўзбек Навоийни ўқимай қўйса», деб фарёд чекмаган бўлардик. Ёки «Ҳар бир калла, ҳар бир бош Навоийни ўқиши керак» дея айтилган гаплар ўз тасдиғини топган бўларди.

Акром Малик

Кейинги пайтларда шундай бир уринишлар бўлдики, Навоийни дунёга танитиш керак. Буни сунъий уриниш деб баҳолайман, яъники шарт бўлмаган бир иш. Чунки биз ҳали аждодларимизни яхши танимаймиз. Нега ўзимиз яхши билмаган ҳолатда дунёга танитишимиз керак. Гарчи туркий тилда ижод қилган ижодкор бўлса-да, омматан айтаман, моҳиятига етиб борганимиз йўқ.

Навоийни ўқиган миллат кам бўлмайди

Дилнавоз Юсупова, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети профессори, филология фанлари доктори, навоийшунос

Дилнавоз Юсупова

— Навоийнинг ўз замондоши, тарихчи Хондамир унга нисбатан гўзал хулқ эгаси дея сифат берган. Шунга монанд Хондамир асарини «Макорим ул ахлоқ» деб номлаган. Айнан унинг асарида Навоий шахсияти очиб берилган.

Қолаверса, Навоий маҳоратли давлат арбоби – европаликлар уни биринчи навбатда давлат амалдори, ҳарбий шахс сифатида танишди. Кейин эса буюк ижоди борлигини ҳам билишди.

Юксак даражадаги саховатли инсон. Тарихчи Мирхонд Навоийчалик кўп бинокорлик қилган киши йўқлигини айтади. Ўз даврида ҳатто шаҳзодаларга ҳам маблағ бериб турган шу каби инсонни айта оламизми?

Биз орзу қилган бой, тижоратчи инсон ҳам, саховатпеша инсон ҳам, буюк ижод эгаси ҳам, буюк шахс эгаси ҳам Навоийдир.

«Навоий музей экспонати эмас, у биз билан яшаши керак», деган эди россиялик олим Бертельс. Уни ўқиган миллат кам бўлмайди.

Навоий шахсияти билан танишган инсон, албатта, унга меҳр қўяди.

Сўнгги йилларда Навоий ижодининг таълим тизимида ўқитилиши муайян тарзда янги босқичга кўтарилди деб айта оламан. Олий таълимда мутахассислик учун «Навоийшунослик» махсус фани киритилди. Бунгача «Ўзбек адабиёти тарихи» фани ичида ўқитилар эди.

Боғча ёшидаги бола бемалол мобил қурилмалардан фойдалана оляпти. Мана шу имкониятлардан фойдаланган ҳолда болаларимизга Навоий асарлари қаҳрамонлари билан боғлиқ тарбиявий машғулот ёки кўрсатув тайёрлашимиз керак. Масалан, «Навоий бобо эртаклари», «Навоий бобо ўгитлари» деган қисқа ҳажмда тарбиявий машғулот қўйилиши мумкин. 30 дақиқалик мултфильм ёки кўрсатув ҳафтада бир ёки икки марта, болачаларнинг имкониятидан келиб чиққан ҳолда тайёрланиши мумкин.

Кўпчилик «Маша ва айиқ» мултфильмини билади. Соатлаб компьютер қаршисида ўтиришади ҳатто. Нега шуни Навоий қаҳрамонлари мисолида ишлаб чиқмаслигимиз керак. «Шер билан дуррож» мултфильми тажрибаси яхши натижа берди-ку ахир.

Навоийни бевосита ўқита олмас эканмиз, демак, унинг асарлари қаҳрамонларидан бошлайлик.

Осондан қийинга қараб борса, Навоийни англаш енгиллашади

Ўрол Норматов, ЎзФА таянч докторанти, фольклоршунос

Ўрол Норматов

— «Навоий тили» деган тушунча бор. Унинг «Тарихи анбиё ва ҳукамо» ҳамда «Тарихи мулки ажам» номли тарихий асарлари ўқувчига кўпинча оғирлик қилмайди, яъни тили бирмунча соддароқ. Китоб орқасидаги луғатларга кам мурожаат қилинади. Шунинг учун Навоийни ўқишга тутинмоқчи бўлган китобхон биринчи шу каби асарларидан, тили ва услуби соддароқ шеърларидан бошласа мақсадга мувофиқ бўлади.

Кейин эса сал мураккаб бўлган «Насойим ул-муҳаббат», «Хамса» ва «Хазойин ул-маоний» каби йирик асарларини ўқиса, Навоий оламига теранроқ шўнғиб боради. Доим-доим Навоийни нимага тушунмаяпмиз деган савол кўндаланг бўлиб тураверади, токи уни ўқишни тартиб ва қунт билан амалга оширмас эканмиз.

Кўпинча кузатиладиган ҳолат Навоийни ўқишим керак экан деб, мураккаб ғазалларини ўқийди ва ҳеч нарса тушунмагандай бўлади, чунки ўқувчи қийналади. Шунинг учун осондан қийинга қараб борса, Навоийни англаш енгиллашади.

Агар менга сиз Навоийдан нима топдингиз дейишса, айтаманки, инсоннинг бадиий завқи ошади, бадиий асарга бўлган муносабати ўзгаради. Масалан, ҳазрат Навоийни ўқиб 3 кун, 1 ҳафта шу муҳитда юриб, кейин бугунги кун шеърларини ўқисангиз, ўртадаги фарқ яққол сезилади ва бошқача бир кайфият ичида қоласиз.

Ўзбек жамияти ҳаётида ижобий маънодаги ўзгариш содир қилишга қодир ижодкор – Навоий

Акром Маликов, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети магистранти, навоийшунос

— Ахборотларнинг тинимсиз алмашинуви, турли фикр ва ғояларнинг илгари сурилиши, умуман инсонлар онгида рўй бераётган ўзгаришлар назаримда жуда катта бетартиблик сифатида намоён бўлмоқда. Қадимдан қадрият сифатида баҳоланиб келинган қоидалар ўз аҳамиятини йўқотиб қўйгандай, одамлар ботини билан эмас, фақатгина зоҳири билан машғул бўлиб қолгандай, ҳеч кимнинг кўнгли ҳеч нарсадан тўлмаётганга ўхшайди.

Ва мана шу даврда инсон қалбига бир ҳаловат, ҳаёт мазмунини англашга бўлган эҳтиёж туғилмоқда.

Бу эҳтиёжни қандай қилиб қондириш мумкин? Қайси манба бизга бу масалада йўл кўрсатувчи бўла олади? Албатта, мусулмон бўлган кишилар бир овозда Қуръони карим ва ҳадиси шариф деб жавоб беради. Зотан, Аллоҳнинг каломи ва пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг кўрсатмалари инсон учун энг яхши маёқдир.

Ҳаётимизда рўй бераётган воқеалар, кўзимизга арзимас бўлиб кўринаётган фожиалар борки, бу бизнинг Қуръонга бўлган эҳтиёжимизни нақадар оширса, уни тушунишимиз йўлида шунчалик катта тўсиқ бўлиб бормоқда.

Алишер Навоий раҳматуллоҳи алайҳ ўз ғояларини айнан Қуръон ва ҳадис асосида шакллантирган. Ва мана шу пойдевордан туриб сўз айтгани учун ҳам бугун бизнинг ҳаётимиз, ўзбек жамияти ҳаётида ижобий маънодаги ўзгариш содир этишга қодир ижодкор деб айтиш мумкин.

Аллоҳнинг олдида ўзингни қанчалик ҳақир олсанг, сен шунчалик юксакликка эришасан, дейди Навоий. Бу инсонни ўз нафсини танишга чорлайди. Шу кеча-кундузда ҳамма ўзининг ҳақлигини даъво қилади, лекин ҳазрат бир он нафас ростла ва ўз ноҳақлигинг ҳақида ўйлаб кўр, балки, айбдор бўлишинг мумкин, дейди. Ана шу нуқтадан бошлаб кўзимизга ҳақиқатлар очилади.

Навоий ташаббуси билан Қуръони каримга иккита тафсир ёзилган

Ҳасанхон қори Яҳё Абдулмажид, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф масжиди имом-ноиби, навоийшунос

Ҳасанхон қори Яҳё Абдулмажид

— Ҳазрат Навоий бош вазир бўлиб турган пайтларида Қуръони каримга хизмат қилиш борасида катта эътибор берганлар. У кишининг бевосита ташаббуси билан форс тилида иккита тафсир ёзилган. Шулардан бирини Ҳусайн воиз Кошифий ёзган. Шунингдек, «Дорул ҳуффоз» деб номланган қорихона ҳам қурдирган. Қорихонага ўзларининг бир тўртлигини илдириб қўйган эканлар.

Бу даврда йўқ сен кеби хушхон ҳофиз,

Ҳуффоз аро сарҳалқайи даврон ҳофиз.

Қуръонға сен ўлған кеби яксон ҳофиз,

Бўлсун санга барча ишда Қуръон ҳофиз.

У кишининг фаолиятлари Қуръонга, дин илмларига мана шундай боғлиқ бўлган, зотан, у даврда дин илми, бошқа илм деган айирмачилик бўлмаган. Шунинг учун Навоийнинг ижодини Қуръон ва ҳадиссиз тасаввур қилолмаймиз.

Афсуски, ўртадаги динсизлик даврида халқимиз асл манбалардан узоқлашиши оқибатида Навоий ижодини Қуръондан айри ҳолатда талқин қилиш давр талаби ҳам бўлган. Халқимиз бошқаларнинг юзаки қарашларини қабул қилишга мажбур бўлди.

Навоий ижодида Қуръон оятлари мазмунини ҳар қадамда учратамиз. Ҳадис маъноларини учратамиз, ислом ақидасини кўрамиз. Мисол учун, «Хамса» ишқий афсонадан иборат эмас, балки тасаввуфий мазмунга эга асар ҳисобланади. Низомий Ганжавий Навоийнинг таъкидлашича 40 чилла ўтириб ёзган. Чилла ўтириш бу тасаввуф аҳлининг узлати ҳисобланади. Аллоҳга узлат қилиб ёзилган асар қанақасига тасаввуфдан айри оддий ҳикоялар ёки шаҳвоний ишқ бўлиши мумкин.

Навоийнинг тасаввуфи бу – ислом тасаввуфи. Бу бошқа бир динлардан таъсирланиб шаклланган эмас, тўла-тўкис Қуръон ва ҳадис ҳамда тасаввуф уламоларининг фикрларидан хулосаланган тасаввуф. Шулардан сизиб чиққан ўз фалсафий қарашларини назмда ва насрда баён қилганлар.

Шунинг учун ҳеч иккиланмай айтишимиз мумкинки, Навоий ижоди Қуръон ва ҳадисдаги фалсафий қарашлар, тасаввуфий ёндашувларнинг назмдаги инъикоси, Навоий тилидаги жаранги. Ислом фалсафаси, ислом эътиқоди умуминсоний тушунчалар билан жуда кўп жиҳатдан ҳамоҳанг, шунинг учун ҳам Навоий дунё миқёсидаги мутафаккир ва айни вақтда ислом фалсафасини тараннум этган мутафаккир.

Йигитали Маҳмудов тайёрлади.
Тасвирчи – Мирвоҳид Мирраҳимов.

Мавзуга оид