Жамият | 15:10 / 10.02.2021
8905
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда коронавирусга қарши вакцинани биринчи навбатда кимлар олиши ҳақида маълумот берилди

Коронавирусга қарши вакцина билан биринчи навбатда кексалар, тиббиёт ходимлари, сурункали касалликлари бўлган аҳоли вакиллари, мактаб ўқитувчилари, мактабгача таълим ташкилотлари ходимлари, қуролли кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари эмланади. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Ботир Қурбонов маълум қилди.

Брифингда коронавирус инфекциясига қарши курашиш, аҳоли саломатлигини сақлаш, барқарор санитария-эпидемиологик ҳолатни таъминлаш, Covid-19’га қарши эмлаш жараёни ҳақида маълумот берилди. Бундай юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олиш бўйича энг самарали йўл – иммунизация тадбирлари, яъни соғлом инсонларни ушбу касалликка қарши эмлаш экани таъкидланди. Ўзбекистонда биринчи навбатда узоқ умр кўрувчилар (85 ёш ва ундан юқори), кексалар (75 ёшдан 84 ёшгача), қариялар (65 ёшдан 74 ёшгача), тиббиёт ходимлари, сурункали касалликлари бўлган аҳоли, мактаб ўқитувчилари, мактабгача таълим ташкилотлари ходимлари, қуролли кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларини эмлаш режалаштирилган.

Айни пайтда Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан келтирилган вакциналар кўнгиллиларда синовдан ўтказилмоқда.

«Хитойнинг Ayhui Zhifei Longcom Biopharmaceutical компанияси томонидан ишлаб чиқилган янги коронавирус рекомбинант вакцинасининг хавфсизлиги ва Covid-19 инфекциясининг олдини олишдаги самарадорлигини аниқлаш мақсадида 3-фаза клиник тадқиқотлари ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, 9000 нафар кўнгиллилар орасида иммунизация тадбирларини ўтказиш учун вакциналар олиб келинган. Республикага 8 нафар хитойлик мутахассислар ташриф буюришган, бугунги кунда Инновацион ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорликда 3 фаза-клиник босқичи амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда Ички ишлар вазирлигига қарашли 3та поликлиникада, Инновацион ривожланиш вазирлигининг кўргазмалар залида ва Юнусобод тумани 15-сонли оилавий поликлиникада жами 5та муассасада Covid-19’га қарши кўнгиллиларни скрингдан ўтказиш ва вакцинация қилиш учун махсус жой ташкил қилинган.

Шу билан бир қаторда, Россияда ишлаб чиқилган СПУТНИК-V вакцинасини ҳам олиб келиш, ушбу вакцинани сертификатлаш ва эмлаш тадбирлари бошланиши бўйича музокаралар олиб борилмоқда», деган Ботир Қурбонов.

Мавзуга оид