Ўзбекистон | 16:42 / 17.02.2021
10119
1 дақиқада ўқилади

«Жартепа» чегара божхона пости талабалар учун очилди

Самарқанд вилоятининг Тожикистон Республикаси билан чегарадош бўлган Ургут туманида жойлашган «Жартепа» чегара божхона пости талабалар учун очилди. Бу ҳақда Kun.uz’га Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, кўпчилик талаба-ёшларнинг мурожаатлари инобатга олиниб, жорий йилнинг 17 феврал кунидан бошлаб Самарқанд вилоятининг Тожикистон Республикаси билан чегарадош бўлган Ургут туманида жойлашган «Жартепа» чегара божхона постидан талабаларнинг ҳаракатланиши учун рухсат берилган.

Таъкидланишича, пандемия сабабли шу кунга қадар талабалар Тожикистонга фақат «Сариосиё», «Ойбек» ва «Плотина» чегара ўтказиш пунктлари орқали ҳаракатланиши мумкин эди. Масофанинг узоқлиги ўз навбатида айрим талабаларга қийинчилик туғдираётган эди.

Маълумот учун, «Жартепа» чегара божхона пости орқали ҳозирча фақат Самарқанд вилоятида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларининг экспорт-импорт операцияларини амалга оширишлари, шунингдек, халқаро юк ташувчиларнинг юк автотранспорт воситалари ҳамда талабалар ҳаракатланиши белгиланган.

Мавзуга оид