Ўзбекистон | 14:15 / 22.02.2021
12662
6 дақиқада ўқилади

Қурилиш вазирлиги Тошкент вилоятида ноқонуний қурилаётган объектлар ҳақида маълумот берди

Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ, Қуйи Чирчиқ ва Чиноз туманларида учта кўп қаватли уй, савдо мажмуаси ва божхона терминали ноқонуний равишда қурилаётгани аниқланди.

Қурилиш вазирлиги томонидан олиб борилган ўрганишлар натижасида Тошкент вилоятида бир қатор турар жой бинолари экспертиза органларининг ижобий хулосаси олинмаган ҳолда лойиҳа ҳужжатларисиз, қурилиш-монтаж ишларини бошлаш юзасидан ваколатли органни хабардор қилмасдан қурилаётгани аниқланган.

Жумладан, Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани «Дўстлик» МФЙ ҳудудида амалга оширилаётган мониторинглар жараёнида «ENERGO TEHNIKA GRANT» МЧЖ томонидан тегишли шаҳарсозлик ҳужжатларини расмийлаштирмасдан Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 28 ноябрдаги 961-сонли қарорлари талабини бузиб, ҳудудий инспекцияни хабардор қилмасдан учта 4 қаватли турар жой биноларида ўзбошимчалик билан қурилиш-монтаж ишлари олиб борилаётгани аниқланган. «ENERGO TEHNIKA GRANT» МЧЖ фаолиятида қисқа муддатли текшириш ўтказиш тўғрисида Тошкент вилояти қурилиш соҳасида назорат инспекциянинг 2020 йил 23 декабрдаги 279-сонли буйруғи асосида 1 кунлик текшириш ўтказилган.

Қисқа муддатли текшириш натижасига кўра, ишга оид бўлган барча ҳужжатлар ўрнатилган тартибда расмийлаштирилган ва ҳуқуқбузарликка йўл қўйган масъул шахсга нисбатан маъмурий баённома тузилиб, ҳуқуқбузардан тушунтириш хати ва тилхат олиниб, қонунчиликда белгиланган тартибда чора кўриш юзасидан Жиноят ишлари бўйича Бўстонлиқ туман судига ҳужжатлар тўплами тақдим қилинган ва Ўзбекистон Республикаси МЖкТнинг 99-моддаси 7-қисми билан жавобгарликка тортилган.

Маълум қилинишича, тегишли чора кўрилганидан кейин ҳам «ENERGO TEHNIKA GRANT» МЧЖ томонидан қурилиш-монтаж ишлари тўхтатилмаган ҳамда белгиланган тартибда инспекциядан рўйхатдан ўтиш учун тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилмаган. 

Шунингдек, Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ тумани «Ойдинобод» МФЙ ҳудудида амалга оширилган мониторинглар жараёнида «RUS BEK» МЧЖ томонидан тегишли шаҳарсозлик ҳужжатларини расмийлаштирмасдан, ҳудудий инспекцияни хабардор қилмасдан савдо ва маиший хизмат кўрсатиш комплексида қурилиш-монтаж ишлари олиб борилаётгани аниқланган, рухсат ҳужжатлари мавжудлиги ва шаҳарсозлик меъёрлари ҳамда қоидаларига риоя қилиниши юзасидан қисқа муддатли текшириш олиб борилиб, аниқланган ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш бўйича хўжалик юритувчи субъектнинг «RUS BEK» МЧЖ фаолиятида қисқа муддатли текшириш ўтказиш тўғрисида Инспекциянинг 2020 йил 23 декабрдаги 278-сонли буйруғи асосида 1 кунлик текшириш ўтказилган.

Унга кўра, ҳуқуқбузарликка йўл қўйган масъул шахсга нисбатан маъмурий баённома тузилиб, ҳуқуқбузардан тушунтириш хати ва тилхат олиниб, қонунчиликда белгиланган тартибда чора кўриш юзасидан Жиноят ишлари бўйича Чиноз туман судига ҳужжатлар тўплами тақдим қилинган ва Ўзбекистон Республикаси МЖкТнинг 99-моддаси 7-қисми билан жавобгарликка тортилган. Хабар қилинишича, тегишли чора кўрилганидан кейин ҳам «RUS BEK» МЧЖ томонидан қурилиш-монтаж ишлари тўхтатилмаган ҳамда белгиланган тартибда инспекциядан рўйхатдан ўтиш учун тегишли ҳужжатлар расмийлаштирмасдан қурилиш монтаж ишлари давом эттирилмоқда.

Бундан ташқари, Тошкент вилояти Чиноз тумани «Яллама» МФЙ ҳудудида амалга оширилган мониторинглар жараёнида «EUROAZIA TRANSPORTION AND LOGISTIK COMPANIY» МЧЖ ҚҚ томонидан тегишли шаҳарсозлик ҳужжатларини расмийлаштирмасдан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 майдаги 370-сонли ҳамда ушбу қарорга қўшимчалар киритиш юзасидан қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 28 ноябрдаги 961-сонли қарорлари талабини бузиб, ҳудудий Инспекцияни хабардор қилмасдан божхона терминалининг қурилиш-монтаж ишлари олиб борилаётгани аниқланган.

Ўзбекистон президентининг 2018 йил 27 июлдаги ПФ-5490-сон, 2019 йил 15 мартдаги ПФ-5690-сон фармонлари ва Ўзбекистон бош прокурорининг 2018 йил 6 сентябрдаги Б-55-сонли буйруғида (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигидан 2018 йил 7 сентябрда 3067-сон билан рўйхатдан ўтган) белгиланган тартибларга асосан, 2020 йил 7 майда молиялаштириш манбаларидан қатъи назар қурилиш объектларига, субъектнинг молиявий-хўжалик фаолиятига аралашмаган ҳолда ҳеч қандай тўсиқсиз кириш ҳамда рухсат ҳужжатлари мавжудлиги ва шаҳарсозлик меъёрлари ҳамда қоидаларига риоя қилиниши юзасидан қисқа муддатли текшириш олиб борилиб, текширув жараёнида аниқланган ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш бўйича «EUROAZIA TRANSPORTION AND LOGISTIK COMPANIY» МЧЖ ҚҚ фаолиятига оид инспекциянинг 2020 йил 18 декабрдаги 761-сонли буйруғи асосида 1 кунлик текшириш ўтказилган.

Қисқа муддатли текшириш натижасига кўра ҳуқуқбузарликка йўл қўйган масъул шахсга нисбатан маъмурий баённома тузилиб, ҳуқуқбузардан тушунтириш хати ва тилхат олиниб, қонунчиликда белгиланган тартибда чора кўриш юзасидан Жиноят ишлари бўйича Бўстонлиқ туман судига ҳужжатлар тўплами тақдим қилинган ва Ўзбекистон Республикаси МЖкТнинг 99-моддаси 7-қисми билан жавобгарликка тортилган.

Тегишли чора кўрилганидан кейин ҳам «EUROAZIA TRANSPORTION AND LOGISTIK COMPANIY» МЧЖ ҚҚ томонидан қурилиш-монтаж ишлари тўхтатилмаган ҳамда белгиланган тартибда инспекциядан рўйхатдан ўтиш учун тегишли ҳужжатлар расмийлаштирмасдан қурилиш-монтаж ишлари давом эттирилмоқда. 

«Ўйлаймизки, худди шундай хатога йўл қўйиб, бошқаларнинг хавфсизлиги ҳақида унутаётганлар ўзларига тегишли хулоса чиқариб олишади», дейилади Қурилиш вазирлиги матбуот хизмати маълумотида.

Бундан аввалроқ Тошкент шаҳрида 100дан ортиқ ноқонуний қурилиш олиб борилаётгани маълум қилинганди.

Мавзуга оид