Жаҳон | 22:50 / 23.02.2021
7735
2 дақиқада ўқилади

Мухолифат Арманистон полицияси биносини тўсиб қўйди 

“Дашнакцутюн” партияси вакили Ишхан Сагҳатяннинг айтишича, мухолифат “полиция бошлиғи пастга тушиб, халқ билан учрашиши учун 15 дақиқа вақт беради”.

Фото: Хайк Багдасарян/Photolure/ТАСС

Мухолифатдаги Ватанни қутқариш ҳаракатининг бир неча минг тарафдорлари сешанба куни кечқурун Ереван марказидаги полиция биносини тўсиб қўйишди ва бўлим раҳбари Ваҳе Газариан билан учрашишни талаб қилишди. Бу ҳақда воқеа жойидан ТАСС мухбири хабар берди.

“Энди биз полиция биносини тўсиб қўямиз ва полиция бошлиғининг олдимизга чиқишини талаб қиламиз. У қўл остидагилари томонидан қилинган барча ваҳшийликлар учун жавоб бериши керак”, деди акция ташаббусчиларидан бири, “Дашнакцутюн” партиясининг вакили Ишхан Сагҳатян. У, мухолифат полиция бошлиғи тушиб халқ билан учрашиши учун 15 дақиқа вақт ажратишини қўшимча қилди.

Сешанба куни эрталаб полиция Бош вазир Никол Пашинян бўлган ҳукумат биносининг учинчи блокини тўсишга уринган 60 га яқин мухолифатчиларни қўлга олди. Ҳибсга олиш пайтида бир неча мухолифатчилар енгил тан жароҳати олишди.

Арманистонда 2020 йил 10 ноябрдан бери Пашиняннинг истеъфосини талаб қилиш билан норозилик намойишлари тўхтамаяпти. 

Пашиняннинг ўзи асосий мухолифат кучлари муддатидан олдин парламент сайловларини ўтказиш тўғрисида меморандум имзолаши шарти билан истеъфога чиқишга тайёрлигини айтди, унга қадар у ҳукумат раҳбари вазифасини бажарувчи мақомини сақлаб туради. Мухолифат бу ташаббусни рад этди.

Мавзуга оид