Иқтисодиёт | 19:02 / 23.02.2021
26237
3 дақиқада ўқилади

Яна 129та «обналчи» фирма аниқланди — ДСҚ

Давлат улушига эга 206та ташкилот эса «обналчилар» хизматидан фойдалангани маълум бўлди.

Фото: Давлат экология қўмитаси ахборот хизмати

Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев ҚҚС  «тўланиши лозим бўлган солиқларни камайтириб кўрсатиш ва қўшилган қиймат солиғи суммасини ноқонуний ҳисобга олиш» билан шуғулланган 129та корхона аниқланганини маълум қилди. Қўмита раиси 23 февраль куни ўтган тадбиркорлар билан учрашувда шубҳали корхоналар рўйхати янги номлар билан кенгайиб бораётганини айтган.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, шу пайтгача «обналчилар» хизматидан фойдаланган 206та давлат улушига эга ташкилот (120та давлат корхонаси (47,3 млрд. сўм) ва 86 та давлат улуши мавжуд (48,1 млрд. сўм) ҳам аниқланган.

«Обналчилар» – ҳалол ишлайдиган тадбиркорнинг биринчи ва ягона душмани. Негаки, улар бошқа инсофли солиқ тўловчилар бизнесига путур етказмоқда. Уларнинг ноқонуний ҳаракати бўйича тўпланган материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилади», – дейди Кудбиев.

Таъкидланишича, ушбу хўжалик юритувчи субъектлар ўз фаолияти давомида қалбаки операцияларни амалга ошириб, бюджетга тўланадиган солиқ суммаларини камайтирган ҳамда 10 мингга яқин корхона улар билан молиявий операцияларни амалга ошириб, қарийб 1 триллион сўм миқдоридаги қўшилган қиймат солиғи суммасини ҳисоб (зачет)га олган ҳолда бюджетга солиқ тўламаган.  

Aввалроқ ДСҚ томонидан «обналчи фирмалар» билан кураш бошлангани, «обналчилар» можароси юзасидан тадбиркорларнинг норозилиги ҳақида маълумот берилган эди.

Ушбу масалада тадбиркорлар билан етарлича ишламаган Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари ишдан олинган эди.

Айни пайтда Давлат солиқ қўмитасининг «Лозим даражадаги эҳтиёткорлик» тизими орқали аниқланган 396та шубҳали корхона билан алоқада бўлган 2960та корхона, дастлабки текширув натижаларига кўра, солиқ хавфи паст бўлгани учун ҳисобрақамларига киритилган инкассо топшириқлари жорий йил биринчи мартига қадар бекор қилинган

Мавзуга оид