Иқтисодиёт | 22:21 / 26.02.2021
21767
3 дақиқада ўқилади

«Жиноятчилар жазоланиши шарт». Сенат расмийси «обналчилар» ишига муносабат билдирди

«Ишбилармонлар ойлаб ҳалол меҳнати билан ишлаган даромадини кимдир нопок йўллар билан бир кунда қилаётганлиги адолатсизлик. Бу – хуфиёна иқтисодиёт кўринишларидан бири», – деди Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев.

Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев

Бир неча кундирки, «нақдлаштирувчи фирмалар» можароси аҳоли орасида кенг муҳокама қилинмоқда ва айрим тадбиркорлар орасида норозилик келтириб чиқаряпти.

Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Kun.uz мухбири билан суҳбатда мазкур ҳолатга ўз муносабатини билдирди. Айтилишича, ноҳалол йўл билан даромад қилмоқчи бўлганларга жазо чоралари кўрилиши лозим.

«Ўтган куни Солиқ қўмитасида очиқ мулоқот бўлди. Мен ўйлайманки, икки томон ҳам ўз фикрларини самимийлик билан илгари сурди.

Бу борада биринчи тамойил, албатта, қонун бузган одамлар ёки ҳозирги шароитдан фойдаланиб, ноқонуний даромадга – ноҳалол маблағларга эга бўлганларга қарши кураш олиб боришимиз керак. Чунки ишлари – нотўғри.

Ишбилармонлар ойлаб ҳалол меҳнати билан ишлаган даромадини кимдир нопок йўллар билан бир кунда қилаётганлиги адолатсизлик. Бу – хуфиёна иқтисодиёт кўринишларидан бири.

Буни ҳазм қилиб бўлмайди, албатта. Мазкур масала бўйича тўғри сиёсат олиб бориляпти. Лекин ҳар бир ҳаракатимизда бизнеснинг орқасида инсонлар, уларнинг оилалари, ишлаб чиқариш турганини билишимиз, ўйлашимиз керак.

Жиноятчилар жазосини олиши шарт. Аммо ҳалол бизнесменлар ёки билмаган ҳолда хатонинг қурбони бўлган тадбиркорлар ўз ишини давом эттиришига имконият яратишимиз керак. Сенат ва Савдо-саноат палатаси Солиқ қўмитаси билан биргаликда мониторинг олиб бориши, жараённи кузатиши муҳим. Албатта, қонунчилик билан бирга бизнесни ҳимоя қилишни ҳам таъминлашимиз керак», – деди раис ўринбосари.

Аввалроқ, Давлат солиқ қўмитаси «нақдлаштирувчи фирмалар» билан курашишни бошлагани, 396 шубҳали солиқ тўловчилар рўйхати тузилиб, улар билан ҳамкорлик қилган 10 мингга яқин хўжалик юритувчи субъектлар томонидан 1 триллион сўмга яқин ҚҚС суммаси ҳисобга олинган ҳолда бюджетга тўланмагани хабар қилинганди.

Сўнг яна 129 та «обналчи» фирма аниқлангани, мазкур можаро юзасидан ДСҚ раиси Шерзод Кудбиев тадбиркорлар билан учрашув ўтказгани билдирилган.

Мавзуга оид