Қозоғистон бош вазири ўринбосари бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга келди
Бугун, 4 март куни Қозоғистон Республикаси бош вазири ўринбосари Эрали Туғжанов бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга ташриф буюрди. Делегация таркибида қўшни давлатнинг Соғлиқни сақлаш вазири Алексей Цой ҳам бўлиб, ташриф давомида юртимизда тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан таништирилади, икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга эътибор қаратилади.
«Таъкидлаш жоизки, 2018 йил Қозоғистонда Ўзбекистон йили деб эълон қилиниши икки томонлама муносабатларга янги суръат, сифат ва мазмун бағишлади. Натижада қўшни мамлакат билан тиббиёт, маданият, санъат, адабиёт, фан, туризм ва бошқа кўплаб соҳаларда изчил ҳамкорлик олиб борилмоқда.
Бундай дўстона тадбирларнинг мантиқий давоми сифатида 2019 йил Ўзбекистонда Қозоғистон йили деб эълон қилинди. Ушбу тадбир доирасида юртимизда Қозоғистон тиббиёти кунлари ўтказилган эди.
Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорлик йил сайин ривожланиб бормоқда. Хусусан, фармацевтика саноатини ривожлантириш борасида муайян келишувларга эришилди. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги «Ўзбек фармацевтика маҳсулотларини Қозоғистонда тўлиқ давра тамойили асосида ишлаб чиқариш» лойиҳасини ишлаб чиқмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистондаги Dentafill plyus хусусий корхонаси Қозоғистоннинг «Антустик» индустриал иқтисодий зонаси маъмурияти билан ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолади. Қўшни давлатда юртимизнинг тўлиқ ишлаб чиқариш тамойили асосида дори воситалари ва тиббий буюмлар ишлаб чиқариш корхонасини қуриш учун ер майдони ажратилди, коммуникация ўтказиш учун тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.
Ҳар йили ҳамкорликда тиббиёт соҳасидаги олий ўқув юртлари шифокорлари ва талабалари учун бир қатор дастурлар ҳам амалга оширилмоқда. Тиббиётнинг юқори малакали мутахассислари иштирокида тажриба алмашиш доирасида ўзаро ўқув сафарлари ташкил этилмоқда», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.
Ташриф давомида Қозоғистон делегацияси академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида бўлиб, марказда яратилган шароитларни кўздан кечиришган ва Ўзбекистондаги соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, шу жумладан, бу ерда амалга оширилаётган юқори технологик жарроҳлик амалиётлари, жумладан, трансплантация жараёнлари билан танишишган.
Шунингдек, делегация аъзоларининг Зангиота туманидаги юқумли касалликлар шифохонаси, Болалар миллий тиббиёт маркази, фармацевтика компанияси заводи ҳамда хусусий клиникаларга ҳам ташрифи кўзда тутилмоқда.
Делегация аъзолари Ўзбекистонда касалликларнинг олдини олиш, ташхислаш ва даволашнинг замонавий инновацион усуллар қўлланиши билан яқиндан танишиши ҳам режалаштирилган.
Шунингдек, ташриф доирасида икки мамлакатнинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги мутахассислари тиббиётнинг турли йўналишларида юқори технологияларга асосланган тиббий хизматларни жорий этиш, бу борада замонавий технологияларни қўллаш, соғлиқни сақлашни рақамлаштириш, фармацевтика саноатини ривожлантириш ҳамда дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари сифатини яхшилаш масалаларини атрофлича муҳокама қилишади.
Мавзуга оид
18:53 / 30.07.2024
Мактаб ўқувчилари ва боғча тарбияланувчиларининг тўртдан бир қисмида турли касалликлар аниқланди
11:28 / 22.07.2024
Никоҳланувчилар қандай тиббий кўриклардан ўтиши керак?
17:25 / 20.07.2024
Дунё бўйлаб вабо тарқалиш хавфи жуда юқори баҳоланмоқда
19:59 / 09.07.2024