Ўзбекистон | 17:09 / 05.03.2021
8565
2 дақиқада ўқилади

Миллий гвардиянинг уч ҳудудда минтақавий ўқув марказлари ташкил этилмоқда

“Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг ўқув марказлари фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди.  

Адлия вазирлиги хабарига кўра, қарор билан:

Нукус шаҳрида Миллий гвардиянинг Қорақалпоғистон Республикаси минтақавий ўқув маркази ташкил этилмоқда;

Миллий гвардиянинг Фарғона ўқув маркази Фарғона минтақавий ўқув марказига, Даштобод ўқув маркази эса Миллий гвардиянинг Жиззах минтақавий ўқув марказига айлантирилмоқда. 

Мазкур минтақавий ўқув марказларида ҳарбий хизматчи ва ходимларни бошланғич тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича ўқув жараёни қуйидаги ҳудудларга тақсимланган ҳолда таъминланади:

Миллий гвардиянинг Фарғона минтақавий ўқув маркази – Тошкент шаҳри, Тошкент, Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларида хизмат қилаётган ҳарбий хизматчи ва ходимлар учун; 

Миллий гвардиянинг Жиззах минтақавий ўқув маркази – Сирдарё, Жиззах, Самарқанд, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида хизмат қилаётган ҳарбий хизматчи ва ходимлар учун;

Миллий гвардиянинг Қорақалпоғистон Республикаси минтақавий ўқув маркази – Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Навоий ва Бухоро вилоятларида хизмат қилаётган ҳарбий хизматчи ва ходимлар учун.

Минтақавий ўқув марказлари раҳбар ва педагоглар таркибини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш Миллий гвардия Ҳарбий-техник институтида ҳамда бошқа вазирлик ва идораларнинг олий, олий ҳарбий ва ихтисослаштирилган таълим муассасаларида амалга оширилади.

Аввалроқ, қурол олиб юриш ва ишлатишга рухсатномалар бериш ваколати Миллий гвардиядан ички ишлар органларига ўтказилаётгани хабар қилинганди.

Мавзуга оид