Ўзбекистон | 17:30 / 07.03.2021
13129
2 дақиқада ўқилади

Деновда очилган савдо мажмуаси уч мингдан ортиқ кишининг бандлигини таъминлайди

Фото: Денов туман ҳокимлиги

 Денов туманидаги Намозгоҳ маҳалласида замон талабларига мос бўлган йирик савдо мажмуаси фойдаланишга топширилди.

Савдо комплексининг очилишида Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов ҳамда жамоатчилик вакиллари қатнашди. Ҳоким мазкур савдо мажмуасининг очилиши туман аҳолиси учун қулайлик яратибгина қолмай, кўплаб фуқароларнинг бандлигини таъминлаб, ҳудуд инфратузилмаси яхшиланишида муҳим аҳамият касб этишини айтиб ўтди. 

2017 йил 27 мартдаги “2017-2019 йиллар даврида деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуалари қуриш дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги президент қарорига асосан қурилган ушбу мажмуада харидорлар учун етарлича шароитлар яратилди. 

Савдо комплексида ёнғин хавфсизлиги талабларига жавоб берадиган автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойлари мавжуд. Мажмуанинг умумий майдони 22,55 гектарни ташкил этмоқда.

Ҳудудда 927 та кийим-кечак сотиш дўконлари фаолият бошлади. Шунингдек, 534 та озиқ-овқат маҳсулотлари сотиш дўконлари ва 1359 та очиқ ва ёпиқ кўчма ҳамда очиқ расталар, 17 та умумий овқатланиш шохобчалари бўлиб, жами 3 145 та савдо дўконлари ҳамда раста қурилди. 

Объектнинг умумий қиймати 215,5 млрд сўмни ташкил этмоқда.

Янги савдо мажмуасининг ишга туширилиши ҳисобидан 3198 та янги иш ўринлари яратилди.

Савдо мажмуасининг очилиш маросимида эл ардоғидаги санъаткорлар ҳам иштирок этишди. 

 Денов туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Мавзуга оид