Ўзбекистон | 10:00 / 13.03.2021
14704
10 дақиқада ўқилади

Жаҳонгир Обиджонов — АСКУЭдан шикоятлар ва тизим қачон тўла ишга тушиши ҳақида

«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Жаҳонгир Обиджонов Kun.uz'га берган интервьюсида аҳолининг АСКУЭ тизимига доир шикоятлари юзасидан батафсил изоҳ берди.

Ўзбекистонда АСКУЭ, яъни электр энергиясини ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимига ўтиш бошланганидан буён бу борадаги муаммолар кўплаб истеъмолчилар эътирозига сабаб бўлиб келмоқда.

Тўлов қилинса-да, электр энергиясини узатиш вақтида тикланмаётгани, олдиндан тўлов қилингач, ҳисобдаги маблағ тез тугаб қолаётгани ҳақида жумладан Kun.uz'га ҳам мурожаатлар келишда давом этмоқда. Биз айни муаммолар юзасидан «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Жаҳонгир Обиджонов билан суҳбатлашдик.

– Ҳисобида пул тугаган истеъмолчилар автоматик тармоқдан узиб қўйилмоқда ва ёқиш учун пул тўланганида, автоматик равишда тармоққа қайта уланмаётгани ҳақида ҳамон шикоятлар етарлича. Бу муаммо қачон тўлиқ ечим топади?

– Бу савол истеъмолчилар томонидан жуда кўп бериляпти. Қисқача қилиб айтганда, бугунги кунда бутун республика бўйича 6 миллион 90 мингтага яқин ҳисоблагич ўрнатилди. Бу – қарийб 82 фоиз истеъмолчи қамраб олинди дегани. Режага асосан, мамлакатда жами 7 миллион 400 мингтага яқин ҳисоблагич ўрнатишимиз керак.

Ҳозиргача ўрнатилган ҳисоблагичларнинг 3 миллион 600 мингтадан ортиғи биллинг тизимига уланган. Яъни шунча ҳисоблагични ўчириб-ёқиш имкониятимиз бор.

Албатта, қарздорликка кирганидан кейин бу тизим электрни автоматик тарзда ўчиради. Тўлов қилингач, маълум муддатдан кейин автомат (дастур)нинг ўзи ёқиб беради. Ўчганидан кейин тез ёқилмаётганига келсак, ҳурматли истеъмолчиларимиз яхши билишлари керакки, бу лойиҳа ҳозирда жорий этиш жараёнида. Ҳали тўлиқ охирига етмаган. Дастурлари ҳам янги. Бу дастурларни ҳозир жорий этиш, улаш, алоқаларини ўрнатиш ишлари кетяпти. Ўз навбатида, қайсидир жараёнларда камчиликлар бўлиши мумкин.

Дастуримиз биллинг тизимига асосан ишлайди. Биллинг фойдаланилган электр энергияни ҳисоб-китоб қилиб, ҳисоблагичдан маълумотларни олади ва қарздорлик бўлса, KAC тизимига маълумот узатади. KAC электрни автоматик тарзда ўчиради. Буни дастурнинг ўзи амалга оширади. KAC тизимини «Корея телеком» компанияси жорий қилган.

Олдин электрни ўчириб-ёқишлар 3 та дастурда амалга ошириларди. Улар ҳисоблагич ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг дастурлари эди. Биз авваллари ҳам айтгандик, булар KAC тизимига ўтганидан кейин бир меъёрда ишлашни бошлайди, деб.

Ҳозирги кунда барча ҳисоблагични ўша 3 тадан битта дастурга ўтказдик. Ҳозирда республика бўйича битта дастурда ишлаяпти. Мақсадимиз ҳар хил дастурларда ишлаш эмас, битта дастурда ўчириб-ёқишларни амалга ошириш эди. Буни мана ниҳоят уддаладик. Охирига етказдик.

Энди қиладиган ишимиз, 1 майгача режадаги барча 7 миллион 400 минг ҳисоблагични ўрнатиб, сўнг уларнинг барчасини юз фоиз биллинг тизимига ўтказиш ва КАС тизимига улаш ишлари бўлади. Шулар охирига етганидан кейин тизим тўлиқ ишга тушди, деб айта оламиз.

– «Ҳудудий электр тармоқлари» раҳбари АСКУЭ тизими телефон алоқаси каби тезкор ишлаши ҳақида гапирган эди. Яъни худди телефон компанияларидаги каби, ҳисобда маблағ тугаши билан электр ўчиши, пул тўланиши билан ёниши айтилганди. Бундай тезкорликка қачон эришилади?

– Айтишим мумкинки, ҳозирги кунда дастур шунақа тезликда ишлаяпти. Пул тўланганидан кейин қисқа муддатларда, узоғи билан 10-15 дақиқада ёқиляпти. Вақтида ёнмаётганига бошқа сабаблар бўлиши мумкин.

Биринчидан, ўша хонадонда электр энергияси нотўғри монтаж қилинган ёки ҳисоблагичга ҳар хил қурилмалар қўйилган бўлса. Улар «рубильник», ўчириб-ёқадиган ёки бошқа линияга ўтказадиган турли мосламалар бўлиши мумкин. Ўшанда ўчирилгандан кейин электр ёнмаслиги мумкин.

Иккинчи ҳолатда, маълум бир пайтларда аҳоли интернетни кўпроқ ишлата бошлаганда сигнал пасайиб кетади. Ана шу пасайиш вақтида электрни ёқиш муддати бир мунча чўзилади. Бугунги кунда алоқа сифатини яхшилаш бўйича мобил компаниялар билан ишлаяпмиз. Лекин айтиб ўтишимиз керак, дастур пул тўлагандан кейин ёқишга мослаштирилган.

– 7,5 миллионтага яқин ҳисоблагични ўз ичига оладиган лойиҳанинг молиявий жиҳатларига ҳам тўхталиб ўтсангиз.

– Лойиҳанинг умумий қиймати 587 миллион долларни ташкил этади. Ҳозирда ушбу маблағдан 410 миллион долларига ҳисоблагичлар ўрнатилди. Икки ой ичида қолган қисмини ҳам етказиб келиб ўрнатганимиздан сўнг, лойиҳа якунига етади.

Умуман олганда, буни 1 майгача охирига етказиш режалаштирилган.

Мазкур лойиҳа учун Осиё тараққиёт банки, «Ҳудудий электр тармоқлари», «Ўзсаноатқурилишбанк» ва бошқа манбалар маблағлари жалб этилган.

– Истеъмолчиларда АСКУЭ тизимида пул ортиқча ҳисобланяпти, тўланган пул тез тугаб қоляпти, деган эътирозлар кўп.

– Янги тизим истеъмолчиларга кўп қулайликлар яратмоқда. АСКУЭ жорий қилинишидан олдин ҳисоблагичларимиз офлайн ишларди. Агар қарздор бўлса, уйига бориб электрни ўчириш учун сим кесиларди. Ёқиш керак бўлганда, тўлов қилинганидан кейин яна қайта улаш учун электр тармоқларига пул тўларди. Кейин ёқиб бериларди. Ҳозир бу текинга амалга оширилмоқда. Яъни истеъмолчи қарздор бўлса, дастур автоматик тарзда ўзи ўчиради. Яъни истеъмолчи тарафидан қўшимча тўлов амалга оширилмайди. Олдин тўлов қилинарди.

Иккинчи қулайлик, ходимларимиз бориб, ортиқча безовта қилмайди. Қарздор бўлиб қолдингиз, тўланг, деган гаплар бўлмайди. Ҳаммаси онлайн амалга оширилади.

Яна бир масала бор. Ҳар 10 йилда ҳисоблагичлар истеъмолчиларнинг ҳисобидан текширув қилинарди. Ҳозир эса текинга, «ақлли ҳисоблагичлар»ни ўрнатганимиз учун «Ҳудудий электр тармоқлари» ҳисобидан амалга ошириш белгиланган.

– Айта оласизми, биллингга уланган истеъмолчилардан неча фоизи тўловларни онлайн амалга оширмоқда?

– Ҳозирги кунда 3 миллион 600 мингта ҳисоблагич биллингга уланган бўлса, шундан 91 фоизи, яъни 3 миллион 200 мингтаси ҳақдорликка – олдиндан тўловга ўтиб кетди.

Айни пайтда республикада қарийб 426 миллиард сўм маблағ электр энергияси учун олдиндан тўланган. Бунақаси аввал бўлмаган. Бунгача 10 фоиз ҳақдорлик бўлса, қолган ҳаммаси қарздор бўлиб келган. Аҳолида тўлов интизоми шаклланиб бормоқда.

– Истеъмолчи АСКУЭ тизимига уланаётган пайтда қарздор бўлса, қандай йўл тутилади?

– Ҳисоблагичларни алмаштириш жараёнида агар қарздорлик аниқланадиган бўлса, истеъмолчига қарзини тўлаш тавсия этилади. Агар шу пайтда тўламаса, қарздорлиги янги ҳисоблагичга ўтказилади. Янги ҳисоблагич ишга тушгач эса, табиийки, қарздор бўлгани учун электр автоматик тарзда ўчади. Шунинг олдини олиш учун ходимларимиз тушунтириш ишларини олиб боришяпти.

Истеъмолчиларимизнинг аксарияти бу дастурни тўғри қабул қилиб, тўғри тушуниб, тўловларни вақтида тўлаб, ҳисоблагич алмаштирилаётганида қаршилик қилмаяпти.

Лекин қаршилик қилаётганлари ҳам бор. Таҳлил қилсак, улар вақтида тўламаётганлар ёки электр энергиядан ноқонуний фойдаланаётганлар бўлиб чиқмоқда.

Истеъмолчи янги АСКУЭ тизимига уланишдан бош тортса, ҳисоблагичларни электрдан узиб қўйишга ҳаққимиз бор. Бу қонунчиликда белгиланган, бу тизимга уланиш албатта мажбурий.

– Қарздорлик тўғрисида ҳам тўхталиб ўтсангиз. Янги тизим қарзларни камайтиришда қанчалик самара беряпти?

– Мисол сифатида айтсам, Қорақалпоғистон Республикасида 96 фоиз ҳисоблагич ўрнатиб бўлинди ва қарийб ҳаммаси биллингга уланди. Қорақалпоғистонда 2019 йил 1 март ҳолатига кўра, 101 мингта қарздор истеъмолчиларимиз бўлган. 2021 йил март ойига келиб бу қарздорлар сони 31 мингтага тушди. 101 минг қаерда-ю, 31 минг қаерда!

Бухоро вилоятини оладиган бўлсак, қарздорлар сони 2019 йилда 170 мингта бўлган. 2021 йилга келиб, 40 мингтани ташкил қиляпти. Худди шунақа Жиззах вилоятида икки йил олдин 97 мингта бўлган, ҳозирда 14 мингта.

Пойтахтимизда 2019 йилда 232 мингта қарздор бўлса, бугунги келиб 78 мингта қарздор мавжуд. Янги дастур орқали қарзларни ундириш даражаси ҳам ошди.

Биз Электр энергиясини ҳисобга олишни автоматлаштириш марказимизга журналист ва блогерларни таклиф қиламиз. Тизим 100 фоиз автоматлаштирилган бўлиб, ҳозирги кунда «Корея телеком» компанияси дастури асосида ва улар томонидан ўрнатилган серверлар орқали онлайн равишда ўчириб-ёқишлар амалга оширилмоқда.

Нафақат ўчириб-ёқиш, яъни ҳисоблагичлардан 40га яқин маълумотлар олинади, қайта ишланади. Кейин ҳисоблагичларга ташқаридан аралашув бўлдими-йўқми, блокландими-блокланмадими, қарздорлар реактив қувватлари тўғрисидаги маълумотларнинг ҳаммасини таҳлил қилган ҳолда маълумотлар олишимиз мумкин.

Бундан ташқари, трансформаторда қанча йўқотиш бўляпти ёки то истеъмолчиларга етгунича қанча электр йўқотишлар бўляпти, буларнинг ҳаммасини ускуналар онлайн кўрсатади.

– Чекка ҳудудларда интернет яхши ишламайди. Бундай жойларда тизимнинг онлайн ишлашини тўлиқ таъминлаш мумкинми?

– Бу муаммо борлиги бошида маълум эди. Шунинг учун 594-сонли ҳукумат қарорида олис ва тоғли, интернет ишлаш даражаси паст ҳудудларда алоқани яхшилаш бўйича «Uztelecom» компаниясига топшириқ берилган.

Натижа сифатида айтишим мумкинки, Жиззах вилоятининг Бахмал, Зомин, Фориш туманларида интернет сигналлари жуда паст эди. Алоқа компаниялар ҳаракати билан сигнал сифати 96 фоизгача етказилди. Бу ишлар қолган ҳудудларда ҳам амалга оширилмоқда.

Исломбек Умаралиев суҳбатлашди.
Тасвирчи – Дониёр Якубов.

Мавзуга оид