«Ўзстандарт» Ўзбекистонга олиб кириш тақиқланган маҳсулотлар бўйича маълумот берди
«Ўзстандарт» агентлиги Ўзбекистонга кириб келгани тахмин қилинаётган баъзи маҳсулотлар ҳақида маълумот бериб, улардан фойдаланмасликка чақирмоқда.
«Ўзстандарт» агентлигининг маълум қилишича, Европа Иттифоқи (ЕИ) ва Евросиё Иқтисодий Иттифоқи (ЕОИИ) давлатларида сифатсиз ва хавфли деб топилган айрим маҳсулотларнинг рўйхати шакллантирилди.
Агентлик қуйидаги маҳсулотлар Ўзбекистонга кириб келган бўлиши мумкинлигини инобатга олиб, улардан фойдаланмасликка чақирмоқда.
Instant hand sanitiser – қўлларни дезинфекциялаш воситаси
Маҳсулот номи - Instant hand sanitiser, ишлаб чиқарувчи давлат - Хитой. Маҳсулот 50 мл.лик яшил қопқоқли пластик идишда бўлиб, онлайн равишда, хусусан, AliBaba Group орқали сотилган.
Маҳсулотда этанол моддаси меъёридан кам (ўлчов қиймати: ҳажми бўйича 11 фоиз). Бу эса фойдаланувчини бактерия ва микроблардан ҳимоя қилмаслиги ва касаллик юқтиришига олиб келиши мумкин. Бундан ташқари, маҳсулот таркибида метанол (ўлчов қиймати: ҳажми бўйича 26 фоиз) моддаси мавжуд. Бу модда асаб тизими ва кўзга сезиларли даражада таъсир қилади.
Бундан ташқари, маҳсулотда хавф-хатар ва қандай фойдаланиш ҳақида йўриқнома мавжуд эмас. Шунингдек, агарда фойдаланувчи ёки ёш бола метанол моддасини ичиб юборса, ўлимга олиб келиши, кўзга тегса кўриш қобилиятини йўқотишга олиб келади. Хабарнома Швециядан тарқатилган.
Decor lamp – стол лампаси
Агентликнинг маълум қилишича, Хитойда ишлаб чиқарилган Decor lamp стол лампалари жиддий таҳдидли маҳсулот сифатида рўйхатга олинган. Маҳсулот симлари нотўғри уланган. Эриб кетишга мойил симлар маҳсулотнинг бурчак қисмларига тегиб туради. Натижада фойдаланувчи электр токи ўтган жойга тегиб, ток уришидан зарар кўриши мумкин.
Маҳсулот паст кучланувчи электр жиҳозлари кўрсатмаси ва Европа стандарти EH 60598 талабларига жавоб бермагани учун тақиқланган. Хабарнома Венгриядан тарқатилган.
SOLAR ZOOM CAMPING LAMP лампалари
Хитойда ишлаб чиқарилган мазкур маҳсулот куйиш, электр токи уриши ва ёнғин келтириб чиқиш эҳтимоли юқори бўлгани учун олиб киришга тақиқ қўйилган. Хавфли томони: тармоқ ичидаги электр симлар ингичкалиги туфайли ишлатиш жараёнида эриб кетиши мумкин.
Бундан ташқари, маҳсулот электр вилкасининг пластик қисми эриб кетишга мойил. Электр қувватлагич симлари ва USB портининг изоляцияси талабга жавоб бермайди. Маҳсулотнинг айрим қисмларини ҳеч қандай анжомсиз очиш мумкин. Натижада фойдаланувчи электр ток уришидан зарар кўриши ёки бу ҳолат ёнғин чиқариши мумкин.
Маҳсулот паст кучланишли электр ускуналари тўғрисидаги кўрсатма ва Европа стандарти EH 60598 талабларига жавоб бермагани сабаб Венгрияда тақиқланган.
Papier thermique Sans BPA 48g – термик қоғози
Қайд этилишича, қоғоз жиддий таҳдидли маҳсулот сифатида рўйхатга олиниб, ишлаб чиқарилган давлати маълум эмас ва онлайн тарзда сотилган. Маҳсулот таркибида ортиқча миқдордаги бфенол А (БПА) мавжуд (ўлчов қиймати: оғирлиги 9,2 фоиз). БПА инсон ва ҳайвонларнинг гормонал тизимларига таъсир қилувчи модда сифатида аниқланган. Бундан ташқари, у кўзга зарар етказади ва инсон терисида аллергия қўзғаши ва нафас олиш йўлларини тирнаши мумкин. Хабарнома Люксембургда тарқатилган.
Hi Swell! – заргарлик ўйинчоқлар тўплами
Хитойда ишлаб чиқарилган мазкур маҳсулот хушбўй ҳидли заргарлик буюмларини ва канцтовар маҳсулотларини ясаш учун мўлжалланган. Ананас кўринишидаги пластик маржон материалида ҳаддан ташқари кўп миқдордаги Ди-изононилфталат (ДИНП) ва Ди фталат (ДEҲП) мавжуд (ўлчов кўрсаткичлари: навбати билан 23,3 фоиз ва 94,8 фоиз). Ушбу фталатлар болаларнинг соғлиғига ёки репродуктив тизими ва жигарига зарар етказади. Хабарнома Финландиядан тарқатилган.
Маълумот учун, 2021 йилнинг 15 март ҳолатига кўра, 876та маҳсулотнинг мамлакат ҳудудига олиб кирилиши бўйича тақиқ ўрнатилган. Шунингдек, Европа Иттифоқи томонидан хавфли маҳсулотлар ҳақида тезкор хабар бериш ахборот тизимларига киритилган 40та сифатсиз маҳсулотлар бўйича ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, сифатсиз маҳсулотларни республикага киритилишининг олдини олиш мақсадида 75та сертификатлаштириш идоралари огоҳлантирилиб, фаолияти назоратга олинган.
Ўзбекистонга киритилиши тақиқланган маҳсулотларнинг тўлиқ рўйхати ҳақида сontrol.standart.uz электрон манзилида батафсил маълумот олиш мумкин.
Мавзуга оид
15:23 / 04.04.2024
Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги раҳбарига ўринбосарлар тайинланди
19:45 / 15.04.2021
Инсон саломатлиги учун хавфли деб топилган сариёғ импортига тақиқ қўйилди
23:00 / 31.03.2021
Ўзбекистондаги кўп қурилиш объектларида сифатсиз маҳсулотлар ишлатилаётгани айтилди
13:28 / 30.03.2021