Европанинг яна 4та давлати AstraZeneca вакцинасини қўллашни тўхтатди
Германия, Италия, Франция ва Испания AstraZeneca вакцинаси билан эмлашни вақтинчалик тўхтатишга қарор қилди. Германияда ушбу қарор вакцина мия томирлари тромбозини ҳосил қилиши мумкинлиги ҳақида хабар қилинаётгани билан тушунтирилган.
Аввалроқ Германия бошқа давлатлар ушбу вакцинадан воз кечаётганидан афсус билдирганди. Бироқ эндиликда Германиянинг Паул Эрлих номидаги вакцина ва дори воситалари институти вакцинанинг эмланганларда тромблар ҳосил бўлишига таъсирини ўрганиш лозимлиги ҳақидаги хулосага келган ва аҳолини эмлашда AstraZeneca вакцинасини қўллашни тўхтатиш бўйича тавсия берган.
Аввалроқ Европада вакцина билан эмланганларда тромблар ҳосил бўлиши билан боғлиқ 40га яқин ҳолат қайд этилган.
Франция президенти Эмманюэл Макрон вакцинанинг қўлланишига тақиқлов Европанинг дори воситалари агентлиги (EMA) у бўйича хулосалар чиқармагунча амал қилишини айтган. EMA AstraZeneca вакцинаси бўйича 16 март куни баёнот бериши кутилмоқда. Аввалроқ агентлик ушбу вакцинани қўллашни давом эттиришга чақирган.
Италияда ҳам EMA қароригача эҳтиёт чораси сифатида вакцинани қўллашни тўхтатиб туришга қарор қилинган.
Бундан ташқари, Испанияда ҳам ушбу вакцинани қўллаш камида 15 кунга тўхтатилди. Шу билан бирга, EMA 15 кун ичида AstraZeneca вакцинаси тромбларга олиб келмаслигини исботловчи тадқиқот натижаларини тақдим этса, ушбу қарор бекор қилиниши маълум қилинган.
Аввалроқ юқорида келтирилган ҳолат сабабли Нидерландия, Австрия, Руминия, Болгария ва бошқа давлатларда AstraZeneca вакцинаси билан эмлаш тўхтатилганди. ЖАРда ушбу вакцинанинг коронавируснинг африкача турига нисбатан самарадорлиги пастлиги сабабли ундан фойдаланишдан умуман воз кечилган.
AstraZeneca’да таъкидланишича, компанияда эмланганларда тромблар ҳосил бўлиши хавфи ҳақида маълумотлар йўқ. Шунингдек, ЖССТ ҳам вакцина саломатлик ёмонлашишига олиб келишининг исботларини топмаганини маълум қилган.
Мавзуга оид
20:40 / 06.11.2024
AstraZeneca акциялари қиймати Хитойдаги терговлар фонида тушиб кетди
17:48 / 01.11.2024
Дунёдаги энг ҳалокатли инфекция номи маълум бўлди
20:25 / 23.10.2024
Британияда норовирусга қарши дунёдаги биринчи вакцинани синовдан ўтказиш бошланди
21:15 / 13.09.2024